Ўғил болалар ҳаддан зиёд кўп порнография кўришмоқда

Сер Гарет Саутгейт Димблбе маърузасида.
Сурат тагсўзи, "Ёш йигитлар суҳбатлашишдан, ҳис-туйғуларини ифодалашдан қочиб, ўзларини четга олишади, – дейди сэр Гарет Саутгейт. – Улар йўл-йўриқни кўпроқ интернетда излашади, ўйинлар, қимор, порнография каби зарарли одатларга муккасидан кетишади."
  • Author, Грейс Дин
  • Role, BBC News

Англия эркаклар футбол терма жамоасининг собиқ Бош мураббийи сэр Гарет Саутгейт ёш йигитларнинг компьютер ўйинлари, қимор ва порнографияга ҳаддан ташқари кўп вақт сарфлаётганидан хавотир билдирди.

Унинг фикрича, уларга онлайн инфлюэнсерлардан ташқари бошқа ибрат бўла оладиган тузукроқ инсонлар керак.

Би-би-си телеканалининг йиллик Ричард Димблби маърузасида ўз карьераси унга ишонч ва бардош ҳақида қандай сабоқ бергани ҳақида гапираркан, у Буюк Британия ёшларни, айниқса, йигитларни, ҳаётда тўғри танлов қилишга ва муваффақиятсизликдан қўрқмасликка кўпроқ ундаши кераклигини таъкидлади.

Сэр Гарет Саутгейт ким?

Сэр Гарет ҳимоячи ва ярим ҳимоячи сифатида "Кристал Пэлас", "Астон Вилла" ва "Мидлсбро" жамоаларида тўп сурган ҳамда 1995-2004 йилларда Англия терма жамоаси сафида ўйнаган.

У 2016 йилда Бош мураббий лавозимини эгаллаб, жамоани 2018 йилги Жаҳон чемпионати ярим финалига, 2022 йилги Жаҳон чемпионати чорак финалига ва 2020 ҳамда 2024 йилларда Европа чемпионати финалларига олиб чиққан.

У Англия терма жамоаси Европа чемпионатида Испанияга мағлуб бўлганидан икки кун ўтиб, июль ойида мураббийликни тарк этди.

Сэр Гарет Англия терма жамоасини қайта жонлантиргани учун олқишланди ва декабрь ойида Қиролнинг Янги йил мукофотлари доирасида рицарь унвонига эга бўлди.

У 1972 йилдан буён телерадиокомпания Ричард Димблби хотирасига бағишлаб ўтказиб келаётган маърузаларда нутқ сўзлаган академиклар, бизнес етакчилар ва бошқа таниқли шахслар қаторидан жой олди.

Аввалги маърузачилар орасида ўша пайтда Уэльс шаҳзодаси бўлган ҳозирги қирол Чарлз III, технология тадбиркори ва хайриячи Билл Гейтс ҳамда Халқаро валюта жамғармасининг ўша вақтдаги бошқарувчи директори Кристин Лагард бор эди.

"Заҳарли инфлюэнсерлар"

Сэр Гаретнинг айтишича, кўплаб ёш йигитлар ўқитувчилар, спорт мураббийлари ёки ёшлар гуруҳлари етакчиларига мурожаат қилиш ўрнига интернетдан йўл-йўриқ излаётганидан хавотирда. Улар интернетда ўзлари учун намуна бўладиган одамларни топмоқда, аммо бу намуналар кўпинча уларга наф бермайди.

"Булар шафқатсиз, манипулятив ва заҳарли инфлюэнсерлар бўлиб, уларнинг ягона мақсади ўз манфаати," дейди у.

"Улар ёш йигитларга муваффақият пул ва ҳукмронликда, куч эса ҳис-туйғуларни намоён қилмасликда, дунё, айниқса, аёллар уларга қарши эканлигини уқтиришга уринади."

Сэр Гаретнинг фикрлари Netflix'нинг янги "Ўсмирлик" серияли бутун дунё бўйлаб томошабинларни ўзига жалб қилаётгани билан боғлиқ.

Тўрт қисмдан иборат мазкур сериал шу ҳафта дунёнинг 71 мамлакатида энг кўп томоша қилинган фильмдир.

Унда ўсмир қизнинг пичоқланиши оқибатлари, унинг мактабидаги 13 ёшли боланинг қотилликда айбланиб ҳибсга олингани, аёлларга нисбатан нафрат уйғотувчи инфлюэнсерлар ва ижтимоий тармоқларнинг баъзи ўсмир ўғил болаларга салбий таъсири ёритилган.

"Ўсмирлик" сериали ижодкорлари асарнинг мактабларда ва Буюк Британия парламентида намойиш этилишини истаётганларини айтмоқда.

"Кўплаб ёш йигитлар яккаланиб қолган"

Тунги Лондон
gettyimages
Yosh yigitlar yo‘l-yo‘riqni ko‘proq internetda izlashadi, o‘yinlar, qimor, pornografiya kabi zararli odatlarga mukkasidan ketishadi...
Ser Garet Sautgeyt
Futbol bo‘yicha Angliya terma jamoasining sobiq Bosh murabbiyi (batafsil: bbc.com/uzbek da).

Сэр Гаретнинг нутқи йигитлар учун ишонч ва бардошлилик аҳамияти ҳақидадир. У буларни шакллантириш учун зарур бўлган уч нарсани санайди: ўзлик (идентлик), бошқалар билан ўзаро алоқа ва маданият.

У шу ой бошида Буюк Британиянинг Ижтимоий адолат маркази томонидан эълон қилинган ҳисоботни келтиради. Унда ўғил болалар ва ёш йигитлар "инқирозда" эканлиги, таълим олмайдиган, ишсиз ёки касб ўрганмаётганлар сони "ҳайратланарли даражада" кўпайгани айтилган.

"Кўплаб ёш йигитлар яккаланиб қолган, – дейди сэр Гарет ўз нутқида. – Кўпчилик дўстлари ёки оиласи билан очиқ гаплашишга ўзини ноқулай ҳис қилади. Кўпчиликнинг устозлари – ўқитувчилари, мураббийлари, раҳбарлари йўқ, борлари ҳам йигитларни қандай тарбиялашни билмайди. Шу боис, қийинчиликка дуч келган йигитлар вазиятни ёлғиз ўзлари ҳал қилишга уринади."

"Ёш йигитлар суҳбатлашишдан, ҳис-туйғуларини ифодалашдан қочиб, ўзларини четга олишади, – дея қўшимча қилди у. – Улар йўл-йўриқни кўпроқ интернетда излашади, ўйинлар, қимор, порнография каби зарарли одатларга муккасидан кетишади."

"Мен кўрмаган матонат"

Шунингдек, у йигитларга муваффақиятсизликка учраш ва хатоларидан сабоқ чиқариш учун етарли имконият берилмаётганини таъкидлайди.

"Фикримча, агар биз ҳозир ёш ўғил болаларга ҳаётни жуда осонлаштирсак, улар катта бўлганида қийналиб қолиши муқаррар, – дейди у. – Кўплаб ёш йигитлар муваффақиятсизликдан қўрқади, чунки уларда муваффақиятсизликни бошдан кечириш ва уни енгиб ўтиш учун жуда кам имконият бўлган. Улар уриниб кўриш, муваффақиятсизликни ҳис қилиш ўрнига умуман ҳаракат қилмайди."

"Агар мен футболдаги ҳаётимдан бирор нарса ўрганган бўлсам, бу муваффақият ўйиннинг якуний натижасидан кўра каттароқлигидир, – дейди у. – Ҳақиқий муваффақият – энг қийин дақиқаларда ўзингни қандай тутишингда."

Гарет Саутгейт футбол майдонида.

Сурат манбаси, PA Media

У 1996 йилги Европа чемпионати яримфиналида Англия терма жамоаси Германияга мағлуб бўлганида ҳал қилувчи пенальтида уролмагани ҳақида гапирар экан, бу уни ҳаётий синов олдида тўхтатиб қўймаганини айтади.

"Бу оғриқ мени ҳамон қийнайди, – дейди у, – эҳтимол, ҳар доим қийнайдиган бўлади."

"Ўша пенальтини ўтказиб юбориш, шубҳасиз, мени кучлироқ, яхшироқ инсонга айлантирган ҳал қилувчи лаҳза эди, – деди сэр Гарет маърузада. – У мени чуқурроқ ўйлашга мажбур қилди, мен ҳеч қачон ҳис қилмаган ички ишонч ва матонатни кашф этишимга сабаб бўлди."