Одамларни худоларга айлантирувчи маросим

Сурат манбаси, AFP
- Author, Судҳа г Тилак
- Role, Деҳли
Ҳиндистоннинг жанубий Керала штатидаги бир оиланинг аждодлар уйи қарийб 300 йил давомида қадимий халқ маросими – тейям учун саҳна бўлиб келмоқда.
Қадимги қабилавий анъаналардан қолган тейям маросими ҳиндуизмдан олдин пайдо бўлган бўлса-да, ҳинд мифологияси билан чамбарчас боғлиқ. Ҳар бир ижро ҳам театр томошаси, ҳам эътиқод амали бўлиб, ижрочини илоҳий кучнинг тирик тажассумига айлантиради.
Керала ва қўшни Карнатаканинг айрим ҳудудларида асосан эркак ижрочилар мураккаб либослар, юз бўёғи ҳамда транс ҳолатидаги рақслар, имо-ишоралар ва мусиқа орқали худоларни гавдалантиради.
Ҳар йили Кераладаги хонадонлар ва ибодатхоналар атрофида мингга яқин тейям ижролари ўтказилади. Анъанага кўра, уларни четлаштирилган касталар ва қабила жамоаларидан бўлган эркаклар ижро этади.
У кўпинча оловда юриш, ёнаётган чўғларга шўнғиш, сеҳрли шеърларни куйлаш ва башорат қилиш каби ҳаракатларни ўз ичига олган ҳаяжонли драмаси туфайли маросим театри деб аталади.
Тарихчи К.К. Гопалакришнан "Тейям: Ичкаридан қараш" номли янги китобида ўз оиласининг тейямни ўтказиш анъанаси ва маросимнинг жонли урф-одатларини тасвирлаб берган.
Алоқадор мавзулар:

Сурат манбаси, KK Gopalakrishnan
Тейям ижролари жаноб Гопалакришнаннинг Касарагод туманидаги қадимий қўшма оилавий уйи ҳовлисида ўтказилади. Томошаларни кўриш учун юзлаб одамлар тўпланади.
Кералада тейям мавсуми одатда октябрдан апрелгача, яъни муссон ва қиш ойларидан кейинги даврга тўғри келади. Бу вақт мобайнида, айниқса, Каннур ва Касарагод каби шимолий Керала туманларидаги ибодатхоналар ва оилавий мулклар атрофида кўплаб ижролар ўтказилади.
Жаноб Гопалакришнан уйидаги ижролар мавзулари илоҳийлаштирилган аждодни шарафлаш, жангчи-овчи худосига сиғиниш ва куч ҳамда ҳимояни ифодаловчи йўлбарс руҳларига топинишдан иборат.

Сурат манбаси, KK Gopalakrishnan
Маҳаллий маъбудани шарафлаш маросимидан олдин яқин атрофдаги ўрмонда, маъбуданинг заминий уйи деб эъзозланадиган жойда маросим ўтказилади.
Мураккаб маросимдан сўнг, "маъбуда руҳи" уйга кўчирилади.
Жаноб Гопалакришнан Наир кастасининг она томонидан келиб чиққан тармоғи бўлмиш Намбиар жамоаси аъзоси ҳисобланади. Бу жамоада энг катта тоға маросим ташкилотчиси вазифасини бажаради. Агар у ёши ёки касаллиги туфайли бу вазифани бажара олмаса, кейинги катта ёшли эркак қариндош масъулиятни ўз зиммасига олади.

Сурат манбаси, KK Gopalakrishnan
Маросимларда оиладаги аёллар, айниқса улар орасида энг ёши каттаси муҳим роль ўйнайди.
Улар анъаналарга риоя қилинишини назорат қилади, маросимларга тайёргарлик кўради ва уй ичидаги тартибни сақлайди.
"Улар юқори ҳурматга сазовор ва оила меросини сақлаб қолишда муҳим роль ўйнайди," дейди жаноб Гопалакришнан.
Olov teyyamning ayrim shakllarida muhim ahamiyatga ega bo‘lib, u poklanish, ilohiy qudrat va marosimning o‘zgartiruvchan kuchini ifodalaydi.
Томоша баланд овозли қичқириқлар, ёниб турган машъалалар ва достонлар ёки рақсларнинг шиддатли саҳналари уйғунлигидан иборат.
Ижрочилар баъзан бу жонли ҳаракатларнинг жисмоний оқибатларига дуч келишади, масалан куйиш излари ёки ҳатто бирор аъзосини йўқотиш каби.
"Олов тейямнинг айрим шаклларида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, у покланиш, илоҳий қудрат ва маросимнинг ўзгартирувчан кучини ифодалайди. Баъзи ижроларда тейям раққоси олов билан бевосита алоқага киришиб, олов ичидан ўтади ёки ёниб турган машъалаларни кўтариб юради. Бу маъбуданинг енгилмаслигини ва ғайритабиий қобилиятларини англатади," дейди жаноб Гопалакришнан.
"Оловдан фойдаланиш ижрога драматик ва кучли визуал таъсирчанлик беради, бу эса маросимнинг руҳий муҳитини янада кучайтиради ва худонинг табиат кучлари устидан ҳукмронлигини кўрсатади."

Сурат манбаси, KK Gopalakrishnan
Одам маъбудлар худолар ва маъбудаларнинг, аждодлар руҳларининг, ҳайвонларнинг ёки ҳатто табиат кучларининг тажассумлари бўлиши мумкин.
Бу ерда тейям ижрочиси ҳиндларнинг вайронагарчилик маъбудаси Калининг шафқатсиз кўриниши бўлган Рактесварини гавдалантиради.
У ўзининг ёвуз қудрати ва вайронкор кучи рамзи сифатида қонга ботган ҳолда тасвирланган.
Бу шиддатли маросим сеҳр-жоду, вуду ва илоҳий ғазаб мавзуларига чуқур кириб боради.
Томошалар давомида ижрочи (ёки колам) мураккаб либослар ва тана бўёқлари орқали ушбу худоларга айланади, уларнинг ёрқин ранглари худоларни жонлантириб юборади.

Сурат манбаси, KK Gopalakrishnan
Бу ерда ижрочи маросимга киришдан аввал кўзгуга қараб, маъбуда кийимини пухталик билан тўғрилайди. Бу ўзгариш олдинда турган ҳайратланарли томошага тайёргарлик бўлиши билан бирга, ибодат ҳаракати ҳамдир.
Аниқ юз белгилари, мураккаб нақшлар ва ёрқин ранглар – айниқса қизил ранг – тейямнинг ўзига хос пардоз ва либосларини белгилайди.

Сурат манбаси, KK Gopalakrishnan
Ҳар бир кўриниш тасвирланаётган худони рамзий ифодалаш учун эҳтиёткорлик билан яратилган бўлиб, ушбу маросимнинг ўзига хос бой тафсилотларни намойиш этади.
Баъзи тейямларда юзни бўяш талаб қилинмайди, фақат ниқоблардан фойдаланилади.

Сурат манбаси, KK Gopalakrishnan
Тейямнинг анимистик илдизлари табиат ва унинг жонзотларига бўлган эҳтиромида яққол кўринади.
Ушбу судралиб юрувчи тимсоҳ тейям худоси судралиб юрувчи жонзотларнинг куч-қудратини англатади ва уларнинг хавф-хатаридан ҳимоя қилувчи сифатида эъзозланади.
У ўзининг рангоранг либослари ва ҳаётий ҳаракатлари билан инсониятнинг табиат билан чуқур алоқасини кўрсатади.

Сурат манбаси, KK Gopalakrishnan
Одам маъбуд томошадан сўнг кўплаб тақводорлар қавмини дуо қилади.
Бу ерда диндор аёл таскин ва илоҳий мадад илинжида тейям худоси олдида ўз андуҳларини енгиллаштираётир.
У ибодат қилар экан, муқаддас макон маънавий озодлик лаҳзасига айланади, бу ерда садоқат ва заифлик қўшилиб кетади.