Янгиликлар: Ўзбекистон, Марказий Осиё ҳам “агрессив ташқи босим остида қолди”ми? Россия нима дейди? Video O'zbekiston Rossiya Xitoy Dunyo Yangiliklar

Сурат манбаси, Rasmiy
- Author, Феруза Раҳмон
- Role, bbc.com/uzbek
Устма-уст янги саволлар ўртага чиқди...
Қудратлар ўз сўзини айтмоқда.
Минтақада энди Россия таъсири сусаядими? Хитойники-чи?
Алоқадор мавзулар
Навбатдаги баёнот

Сурат манбаси, Rasmiy
Европа Кенгаши президенти Украина уруши фонида сўнгги саккиз ойнинг ўзида иккинчи бор Марказий Осиёга келди, президентлари билан юзма-юз кўришди.
Минтақа Россиянинг Украинага тажовузи манзарасида Европа Иттифоқи билан ўзининг иккинчи саммитини ўтказди.
Европа Иттифоқи Россияга қарши урушида Украинани фаол дастаклаётган ва Москвага қарши санкцияларда ҳам илғорлик қилаётган томонлардан бири бўлади.
Иттифоқ Марказий Осиё давлатларини Ғарбнинг санкцияларини четлаб ўтишида Россияга кўмак бермасликка ҳам кўндириш ҳаракатида.
Яқинда ўзининг санкциялар бўйича махсус вакилини ҳам минтақага юборган, уларни иккиламчи санкциялар хавфи билан огоҳлантирган, қатор ширкатларини рўйхатига киритишга улгурган.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Марказий Осиё ҳали-ҳануз Россиянинг геосиёсий таъсири остидаги ҳудуд сифатида кўрилади.
Украина уруши боис, Ғарбнинг устма-уст оғир санкциялари остида эканига қарамай, Россия ҳозир ҳам барча минтақа давлатларининг энг йирик савдо-иқтисодий, ҳарбий ва ҳарбий-техник ҳамкорларидан биттаси бўлади.
Четдаги энг йирик ҳарбий базаси ва кўплаб ҳарбий иншоотлари ҳам айнан Марказий Осиёда жойлашган.
Марказий Осиё давлатлари Украина уруши масаласида бирдек бетараф мавқеъда, Россиянинг босқинини на-да ёқлашган ва на-да қоралашган.
Чўлпонотадаги саммитдан мақсад эса, Европа Иттифоқи билан Марказий Осиё ўртасидаги ҳамкорликни "чуқурлаштириш" экани айтилган.
Шарль Мишель саммит якунлари бўйича нутқида Европа Иттифоқи Марказий Осиё учун ишончли ҳамкор эканлигини таъкидлаган.
Минтақа билан ҳамкорликлари узоқ истиқболга қаратилганини айтган.
Саммит ва геосиёсий танглик

Сурат манбаси, Rasmiy
Саммит Украина уруши боис, Марказий Осиёда геосиёсий танглик янада кучайган бир пайтга тўғри келди.
Россия баробарида Хитой ҳам минтақа билан ҳар томонлама алоқаларини жиддий кучайтириш ҳаракатига тушиб қолган бир вазиятда бўлиб ўтди.
Хитой ўтган ой Марказий Осиё давлатлари билан ўзининг шу пайтгача мисли кўрилмаган саммитини ўтказган.
Илк саммитнинг ўзидаёқ улар билан ҳамкорликнинг саккиз йўналишини таклиф қилган.
Минтақани ривожлантиришнинг улкан режасини тақдим этган.
Расмий Пекиннинг Марказий Осиёга яна миллиардлаб доллар беғараз ёрдам бериш истагида экани ҳам маълум бўлган.
Мустақилликлари тарихида эса, бирор бир дунё давлати минтақага бу каби улкан режа, ташаббус ва кўмак таклифи билан чиқмаган.
Россиянинг анъанавий иттифоқчиси саналувчи Хитой бугун дунёнинг энг йирик ҳарбий, иқтисодий, ядровий қудратларидан, геоиқтисодий ўйинчиларидан бири саналади.
Россия ва Хитой ўртасида жойлашган, муҳим транзит йўли саналувчи Афғонистонга чегарадош ва табиий энергия заҳираларига бой Марказий Осиё шундоқ ҳам дунёнинг ядровий глобал қудратлари - Россия, Ғарб ва Хитой геосиёсий рақобатда бўлган минтақаларидан бири бўлади.
Қирғизистоннинг Чўлпонотаси мезбонлик қилган саммит ва унда янграган баёнотлар худди шу боис ҳам халқаро миқёсда кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига жалб этмай қолмади.
"Самимий ҳамкорлик"

Сурат манбаси, Rasmiy
Чўлпонотада экан, Европа Кенгаши президенти Марказий Осиё давлатлари билан "самимий ҳамкорлик"ка чақирди.
"Европа Иттифоқининг энг муҳим устунлиги унинг самимиятида эканлиги"ни айтди.
Унинг айни сўзлари Украина уруши боис, Россия кучсизланиб қолиши башорат қилинаётган минтақада Европа Иттифоқининг мавқеини мустаҳкамлаш истаги каби талқинларга ҳам сабаб бўлмай қолмади.
Европа Кенгаши президентининг Фран-Пресс ахборот агентлигига таъкидлашича, ўзларининг "яширин мақсадлари йўқ".
"Беқарорлик, манипуляцияга уринилмайди".
Чўлпонотадаги саммитда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонни президентлари, Туркманистонни эса, ҳукумати ҳайъати намоён этган.
Ўзбекистон ва Европа Кенгаши президентининг саммит теграсидаги учрашуви ўзининг самимияти билан кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига жалб этмай қолмаган.
Европа Иттифоқи минтақанинг энг йирик донор ва сармоячиларидан бири бўлади.
Остонадаги саммит чоғида келтирилган рақамларга таянилса, сўнгги 10 йил ичида Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатларига жами 120 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритган.
Бу эса, минтақадаги тўғридан-тўғри хорижий сармоянинг 40 фоизи - қарийб ярмига яқинини ташкил этади.
Европа Иттифоқи Марказий Осиё бўйича янгиланган стратегиясини бундан тўрт йилча аввал қабул қилган.
Минтақа давлатларида Европа инвестициялари ва технологияларига катта эҳтиёж борлигини эса, президентларининг ўзлари ҳам эътироф этишади.
Европа Кенгаши президенти ўтган йил Остонада Марказий Осиё билан яқин алоқалар ўрнатишга чақирган.
Шарль Мишель, ўз ўрнида, Европа Иттифоқи учун келажакда ўз таъминот занжирларини турфалаштиришнинг муҳим эканлигини ҳам таъкидлаган.
Қозоғистон ва бутун минтақа бу масалада Европа Иттифоқининг муҳим ҳамкори бўлиши мумкинлигини қайд этганди.
Саммит ортидан чиқарилган қўшма баёнотлари тафсилотларидан маълум бўлишича, Чўлпонотадаги учрашув очиқ ва амалий руҳда кечган.
Томонлар ўзаро муносабатларини халқаро воқеалар контекстида ҳам кўриб чиқишган.
Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги юқори даражадаги мулоқотни бундан кейин ҳам давом эттириш тарафдори эканликларини тасдиқлашган.
Минтақада фаровонлик ва хавфсизлик умумий мақсади билан томонлар ўртасида белгиланган устувор йўналишлар бўйича ҳамкорликни ривожлантириш истагини изҳор этишган.

Сурат манбаси, Rasmiy
Саммит иштирокчилари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми, хусусан, барча давлатларнинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш, куч ишлатмаслик ёки куч ишлатиш билан таҳдид қилмаслик ва халқаро низоларни тинч йўл билан ҳал этиш тамойилларига риоя қилишга қатъий содиқликларини ҳам билдиришган.
Давлат раҳбарлари Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича стратегиясида белгилаб берилган ва умуминсоний тамойиллар асосида эски, янги ва юзага келаётган чақириқлар бўйича ўзаро ҳамкорликларини мустаҳкамлаш зарурлигини ҳам таъкидлашган.
Афғонистон бўладими, хавфсизлик, Европа ва Осиё ўртасида барқарор транспорт алоқаларини таъминлаш, глобал иқлим ўзгариши ёки сув - минтақа юз тутиб турган энг долзарб муаммолар хусусида ҳам сўз юритишгани маълум бўлган.
Mинтақада ҳануз ўзининг якуний ечимини кутиб ётган муаммолар эса, оз эмас. Барқарорлиги ҳозир ҳам халқаро миқёсда диққат-эътибордаги масалалардан бири бўлади.
Ўзбекистон Президенти Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан муҳим ташаббусларни илгари сурган.
Қозоғистон президенти ўзининг саммитда қилган чиқиши чоғида мисли кўрилмаган геосиёсий кескинликка қарамай, Марказий Осиё давлатлари минтақалараро мулоқотларини кучайтиришганидан мамнуниятини изҳор этган.
Қасим-Жомарт Тоқаев бунда Европа Иттифоқининг хизматлари катта эканини айтган.
Геосиёсий муҳим минтақа

Сурат манбаси, Rasmiy
Сўнгги ойларда Россия, Туркия президентлари, АҚШ Давлат котиби ҳам Марказий Осиёда бўлиб қайтган.
АҚШ Марказий Осиё давлатларини Россия тажовузидан огоҳлантирган.
Жумладан, Ўзбекистоннинг ҳам мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимо қўллаб-қувватлашда қатъий эканини яна бир бор қайд этган.
Ўзларининг Марказий Осиёни ташқи таҳдидга бардошлилигини ошириш ҳаракатида эканликларини ҳам айтган.
Минтақага Ҳиндистон ва Эроннинг ҳам бефарқ эмаслиги кўрилади.
Ғарбнинг Украина уруши боис Россияга устма-уст қўллаётган кескин иқтисодий ва молиявий жазо чоралари ҳам жорий пайтда Россияни энергияга чанқоқ Жанубий Осиё, айниқса, Хитой ва Ҳиндистонга янада яқинлаштирувчи омил сифатида ўртага чиққан, мавжуд ҳолат ҳам ҳар икки томон учун минтақанинг аҳамиятини янада оширган, унинг Европа ва Осиё ўртасида янги транзит ҳабига айланиш потенциалини пайдо қилган.
Етакчи минтақавий таҳлилчиларга кўра, ҳозир ҳам транспорт-логистика ва ҳам ўз кун тартибларини шакллантириш нуқтаи назаридан Марказий Осиёда ЕвроОсиё ҳудудида муҳим ўйинчига айланиш, минтақада Россиянинг кучсизланганидан фойдаланиб, баҳамжиҳатликда иқтисодий, сиёсий ва дипломатик жиҳатдан кучайиш имконияти бор.
Аммо минтақадаги икки йирик ва қудратли ҳамкорларининг ўзаро яқинлашуви улардан қай бирининг "кўнглини олиш" - манёвр қилиш масаласида Марказий Осиё давлатларини қийин аҳволга солиб қўйишига оид хавотирлар ҳам йўқ эмас.
Чўлпонотадаги саммит манзарасида эса, МДҲ Бош котиби Сергей Лебедев агрессив ташқи босим қаршисида собиқ Совет давлатларининг ўз ҳаракатларини бирлаштиришлари муҳимлигини айтиб чиққан.
У бунинг аҳамиятини "Ҳамдўстлик давлатларининг мустақиллиги ва суверенитетини ҳимоя қилиш" билан изоҳлаган.
МДҲ Бош котибининг айни мазмундаги баёнотига минтақа давлатлари пойтахтларининг расмий муносабати ҳалича кўзга ташланмайди.
Чўлпонотадаги жума кунги учрашув иштирокчилари президент Мирзиёевнинг "Марказий Осиё - Европа Иттифоқи" биринчи тўлиқ форматли саммитини келгуси йилда Ўзбекистонда ўтказиш ташаббусини ҳам қўллаб-қувватлашгани расман хабар қилинди.