Путиннинг кейинги қадами нима бўлади ёки энди Россиядан қўрқиш керакми? Видео

Сурат манбаси, Reuters
- Author, Катя Адлер
- Role, Европа бўйича муҳаррир, Нарва, Эстония
Шу кунларда Польша ва Эстония пиёдаларга қарши миналарни тақиқловчи йирик халқаро битимдан чиқиш режасини эълон қилди.
Мазкур келишув дунёнинг 160 давлати томонидан имзоланган.
Воқеаларнинг бу каби ривожи хавфсизлик стратегиясидаги кескин ўзгаришни англатади.
Польша ҳам, Эстония ҳам Россияга тўғридан-тўғри чегарадош.
Икковлон ҳам НАТОга киради.
Улар ўз режалари сабабини Путин томонидан кучайиб бораётган таҳдид билан изоҳлашди.
Москва билан кескинлашиб бораётган танглик манзарасида Эстониянинг Россия билан шимолий чегарасида хавфсизлик чоралари кучайтирилган.
Узоқ вақт давомида Россияга яқин давлатлар учун НАТОга аъзолик ва мазкур альянс томонидан ўтказиб келинаётган машқлар хавфсизлик кафолати бўлиб келди.
Лекин Дональд Трамп буларнинг барчасини ўзгартирмоқда.
Трамп Москвага кўпроқ очиқ, Европага эса, АҚШнинг қўллаб-қуватловини ортиқ кафолатланган деб тушунмасликларини очиқ айтди.
Бу Болтиқбўйидаги НАТОга аъзо давлатларни хавотирга солмай қўймади.
Кичиккина Эстония жанубидан тортиб, қорли шимолигача Россия билан чегарадош.
Бу ерда сиз Европанинг Россияга ҳали ҳам очиқ бўлган сўнгги пиёдалар ўтиш жойларига гувоҳ бўласиз.
Эстониянинг бу қисмида яна асосан этник руслар истиқомат қилишади.
Улар чегаранинг нарига томонидаги яқинларини кўриб келиш учун, одатда, бу ерда соатлаб навбатда туришади.
Биз камдан-кам оммавий ахборот воситаларига берилиши мумкин бўлган имкониятга эга бўлдик, вазиятга яқиндан назар ташладик.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Бу ердаги хавфсизлик хизматлари Россия ўзларини тинимсиз синовдан ўтказаётганини айтишади.
"Чегарада доимий провокациялар ва таранглик мавжуд. Тинимсиз GPS сигналини тўсиб қўйувчи дронлар учирилмоқда. Вертолётлар, самолётлар GPS сигналидан фойдаланади. Шундай экан, бу жиддий оқибатларга олиб келади, вазифамизни рисоладагидек бажаришимизга тўсқинлик қилади", - дейди Эстония Чегара Қўриқчи кучлари раҳбари Эгерт Беличев.
Россия бу ердаги кўприк орқали кўплаб танк юбориш билан таваккал қилишига кўпчилик ишонмайди, аммо бутун минтақадаги вазиятни беқарорлаштириш учун унча катта сондаги қўшин керак бўлмайди.
Россиянинг қанчалик яқин эканини кўрганингизда, Эстония нега ўзини бунчалик ҳимоясиз ҳис қилаётгани ва уларни ҳимоя қилиш учун НАТОдаги иттифоқчилари ядровий Россия билан урушишга бориши-бормаслигидан хавотирда экани сабабини тушунасиз.
Biz buning urushga olib kelishini xohlamaymiz, lekin, agar urush bo‘lsa, biz butkul bahamjihatmiz, halokatli javob qaytarishga to‘la tayyormiz...
АҚШ узоқ вақтдан бери Европада жойлашган қўшинларини чиқариб олиши ёки уларнинг сонини камайтиришига оид гап-сўзлар манзарасида НАТО атрофидаги бу каби иккиланиш Россиянинг жасоратини оширмоқда.
"Биз ўз иттифоқчиларимизга, шу жумладан, америкаликларга ҳам ишонишимиз керак", - дейди Эстония Мудофаа вазири Ҳанно Певкур.
Президент Трамп НАТО ҳақида ҳар хил гапларни гапираяпти-ку, деган саволимга эса, у, "Эстониянинг ҳатто бир бўлагига ҳужум қилиш ҳам НАТОга қарши ҳужум эканлигига ишонаман ва бу кейин барча иттифоқчилар, 32 аъзо давлат учун биз биргамизми ёки йўқми, деган саволни туғдиради", - дейди.
Вашингтондан олинаётган қоришиқ хабарлар манзарасида Эстония Буюк Британияга ўхшаш Европадаги иттифоқчиларига кўпроқ орқа қилаяпти.
У қўшма ҳарбий машғулотларда қатнашяпти ва бу ерда доимий жойлаштирилган қўшинлари сонини кўпайтирмоқда.
"Менимча, НАТО умуман олганда ўзини ҳимоясиз ҳис қилмоқда. Биз бунинг урушга олиб келишини хоҳламаймиз, лекин, агар уруш бўлса, биз буткул баҳамжиҳатмиз, ҳалокатли жавоб қайтаришга тўла тайёрмиз", - дейди Эстониядаги Royal Dragoon Guards кучлари майори Алекс Ҳампрейс.
Эстония, ҳатто шунда ҳам, ҳеч нарсага ишонмай, Россия билан чегарасида янги бункерлар қуришга киришган ва миналар ўрнатишга имконли бўлиши учун халқаро келишувлардан ҳам чиқмоқда.
Украина ишғолидан сабоқ чиқарган Эстония ўзининг бошига ҳам шундай тақдир тушмаслигига умид қилаётир.