Диний ҳибслар ортяптими? ДХХ: Қашқадарёда "Жиҳодчилар"нинг 8 аъзоси қамалди

Сурат манбаси, DXX
Давлат хавфсизлик хизмати хабар қилишича, унинг Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Ички ишлар органлари ходимларини жалб қилган ҳолда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида "Жиҳодчилар" диний экстремистик оқимининг яширин жамоати фош этилди.
Улар орасида ўтмишда Жиноят кодексининг 155 (терроризм), 159 (конституциявий тузумга тажовуз қилиш), 244 прим 1 (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) ва 244 прим 2 (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) моддаларида айбланган 48 яшар Қарши тумани яшовчиси бор.
ДХХ "ўта хавфли рецидивист" деб тасвирлаган бу шахс Қарши шаҳри ва туманида 1964 ва 1986 йиллар оралиғида туғилган етти кишини жалб қилиб ноқонуний диний жамоат тузгани ва ҳар 10 кунда бир-бирининг хонадонларида учрашиб турганлари айтилади.
"Тергов даврида аниқланишича, гуруҳ аъзолари ўз яшаш хонадонларида йиғилишлар ўтказиб, "ҳалифалик давлати" барпо этиш масалаларини муҳокама қилишган", дейилади хабарда.
ДХХ, шунингдек, улар ижтимоий тармоқлар орқали халқаро террористик ташкилотларни ғоявий даъватчиларининг жиҳод, ҳижрат, ҳалифалик тўғрисидаги аудио-видео материалларни ўзаро бир-бирларига тарқатиб, ўз сафларини кенгайтириш мақсадида бошқа фуқаролар онгига ҳам экстремистик ғояларни сингдиришга ҳаракат қилишгани хабар қилди.

Сурат манбаси, DXX
"Таъкидлаш лозимки, гуруҳ етакчиси ва аъзоларининг 4 нафари муқаддам содир этган жиноятлари учун умрининг маълум бир қисмини панжара ортида ўтказган бўлсаларда, ўз хатоларидан тўғри хулоса чиқаришмаган", дейди ДХХ.
Жиноят ишлари бўйича Қарши туман суди томонидан мазкур шахслар тегишлилиги бўйича Жиноят Кодексининг 159, 244 прим 1 ва 244 прим 2-моддалари билан айбли деб топилиб, уларга 6 йилдан 10 йил 6 ойгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Tergov davrida aniqlanishicha, guruh a’zolari o‘z yashash xonadonlarida yig‘ilishlar o‘tkazib, “halifalik davlati” barpo etish masalalarini muhokama qilishgan.
Аммо, бу етти киши қачон ҳибсга олингани, улар қанча вақт ҳибсда ушлаб турилгани ва уларнинг ҳимояси қандай таъминлангани ҳақида маълумот берилмади.
Ўзбекистон Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарорига мувофиқ, "Жиҳодчилар" номли диний ташкилотнинг фаолияти республика ҳудудида таъқиқланган ташкилотлар рўйхатига киритилган.
Бу оқимга аъзоликда айбланган шахслар Ўзбекистонда бот-бот ҳибсга олинаётгани хабар қилинади, аммо қарийб барча ҳолатларда жамоатчилик фақат расмий хабарлар билан чекланади ва жабрланувчиларнинг ўзлари, яқинлари ё ҳимоячиларидан эшитмайди.
Яқин ўтмишда "Жиҳодчилар" оқими Ўзбекистондан ёшларни Суриядаги халқаро террорчилик ташкилотлари сафига қўшиш, ўзларининг ақидавий мафкураси тарафдорига айлантириш ва жиноятлар қилишга даъват этишгани хабар қилинган.
Рейдларда ҳибсга олинган шахслар ҳам Жиноят кодексининг 159 ва 244-моддаларига мувофиқ қамоқ жазосига маҳкум қилинган.
Ҳозирда Туркияда олиб келиниб 13 кундирки тергов изоляторида сақланаётган таниқли диний олим Алишер Турсунов (Мубашшир Аҳмад)га ҳам 244-мувофиқ айбловлар илгари сурилган.