Россия Украинанинг Суми вилоятида буфер зона яратмоқчими? - Видео

Сумиликлар қишлоқларидан эвакуация қилинмоқда

Сурат манбаси, Emergency services of Sumy

Сурат тагсўзи, Сумиликлар қишлоқларидан эвакуация қилинмоқда
  • Author, Абдужалил Абдурасулов
  • Role, BBC News

Россия қўшинлари Украина шимолий-шарқида жойлашган Суми вилоятида устунликка эришмоқда. Украинанинг минтақадаги расмийлари бу Москва чегара бўйлаб "буфер зоналар" яратишга уринмоқда, деган тахмин билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Суми вилояти раҳбари Олеҳ Ҳриҳоровнинг айтишича, Россия қўшинлари тўртта қишлоқни эгаллаб олган ва ҳудуддаги бошқа аҳоли пунктлари атрофида жанглар давом этмоқда. "Мақсад — 'буфер зона' ташкил этиш," деди у.

Россия томони эса ҳозиргача Сумида олти қишлоқни эгаллаганини маълум қилган.

Ўтган ҳафта Россия президенти Владимир Путин чегара бўйлаб "хавфсизлик буфер" зоналар яратиш режасини эълон қилган эди. "Душманнинг ўт очиш нуқталари фаол равишда йўқ қилинмоқда, иш давом этмоқда," деди у.

Getty Images
Sumidagi har qanday muvaffaqiyat Putin tomonidan keyingi sulh muzokaralarida siyosiy bosim va yangi hududiy talablar uchun bahona sifatida foydalanilishi mumkin.
Urushni o‘rganish instituti (AQSh)
Batafsil: BBC.COM/UZBEK

Путинга кўра, буфер зоналар Украина билан чегарадош бўлган Харкив, Суми ва Черниҳив вилоятларига туташ Россия ҳудудларига "қўшимча ҳимоя" яратиш учун керак.

Душанба куни Facebook'да баёнот берган Ҳриҳоров шундай ёзди: "Душман 'буфер зона' ташкил этиш мақсадида илгарилашга уринишда давом этмоқда."

Унинг қўшимча қилишича, Суми вилоятида жойлашган Новенке, Басивка, Веселивка ва Журавка қишлоқлари эгаллаб олинган.

Киев ҳозирча Россия қўшинлари Сумида экани ҳақида расман баёнот бермаган. BBC боғланганида, Ҳриҳоров душанба куни тарқатган маълумотини тасдиқлашдан бош тортди ва бу борада фақат ҳарбийлар изоҳ бериши мумкинлигини айтди.

Украина Қуролли кучлари Бош штаби ҳар кунлик ахборотида "Курск йўналиши"даги (яъни Россия чегараси томон) тўқнашувлар ва бошқа ҳарбий ҳаракатлар ҳақида маълум қилган, аммо аниқ жойларни зикр этмаган.

Алоқадор мавзулар:

Сумидаги ҳарбий фаолиятни мувофиқлаштирадиган Украина армияси бирлашмаси BBC'нинг сўровига изоҳ беришдан бош тортди — бу Россиянинг шимолдаги илгарилаши ҳақидаги маълумот Украина расмийлари учун жуда ҳассос эканини кўрсатади.

Бироқ душанба куни кечаси қилган мурожаатида Украина президенти Володимир Зеленский Россиянинг "янги ҳужумларга тайёргарлиги" ҳақида гапирди — бу Сумидаги воқеаларга ишора сифатида қабул қилинди.

Украинада фронт чизиғини кузатиб борадиган "Deep State" гуруҳи эса Ҳриҳоров баёнот беришидан аввалроқ тўртта қишлоқни Россия тўлиқ назоратида деб белгилаган эди.

"Deep State" асосчиларидан бири Роман Поҳорилийнинг айтишича, Россия қўшинлари бу ҳудудларда март ойидан бери босим ўтказиб келмоқда.

Украиналик ҳарбий кузатувчи Костянтин Машовец ҳам бу маълумотни тасдиқлади, бироқ унинг айтишича, Россиянинг илгарилаши жуда секин — охирги икки ҳафтада тахминан 1 км бўлган. Унинг сўзларига кўра, Москва яқинда Донбассдан янги қўшинларни Сумига кўчирган.

Ўтказиб юборинг YouTube пост
Google YouTube контентига рухсат бериш

Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.

Огоҳлантириш: Би-би-си ташқи саҳифалардаги контент учун масъул эмас YouTube бу контентда реклама бўлиши мумкин

Охири YouTube пост

Суми мудофаасига масъул қуруқлик қўшинлари бўлинмаси вакили, полковник Вадим Мисникнинг таъкидлашича, Россиянинг ҳужумлари асосан мотоцикллар ва енгил машиналарда ҳаракатланувчи кичик гуруҳлар орқали амалга оширилмоқда.

Катта зирҳли техникалар дронлар орқали тезда аниқланиб, йўқ қилиниши мумкин, деб тушунтиради полковник Мисник. Жанг майдонида тезлик ва манёвр муҳим омил ҳисобланади.

Шу билан бирга, Суми вилояти мунтазам равишда Россия ҳаво ҳужумлари ва артиллерия ўқи остида қолмоқда. Вилоят маъмуриятининг хабар беришича, шанба кундан бери Россия бу ҳудудга 30 дан ортиқ бошқарилувчи авиабомба ташлаган.

Ўтган ойда содир бўлган энг йирик ҳужумда баллистик ракеталар Суми шаҳрини урган, 34 киши ҳалок бўлганди. Бир неча ҳафта ўтиб, дрон ҳужуми натижасида шаҳарлараро автобусни ўққа тутган ва 9 киши ҳалок бўлган.

Полковник Мисникнинг таъкидлашича, Россия аҳоли ўртасида қўрқув ва саросима уйғотиш учун турар жой бинолари, касалхоналар ва фуқароларга тегишли транспорт воситаларини нишонга олмоқда. Россия эса бу даъволарни рад этади ва ҳужумлар фақат ҳарбий объектларга қаратилганини айтиб келади.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Маҳаллий ҳокимиятларнинг маълум қилишича, фронт чизиғига яқин жойлашган 202 та аҳоли пунктида эвакуация ишлари олиб борилмоқда — бу вилоятдаги барча ҳудудий жамоаларнинг учдан бир қисмини ташкил қилади.

Нафақадаги полковник ва ҳарбий таҳлилчи Сергий Грабский Сумидаги ҳужумлар Москва томонидан "буфер зона" яратиш режасининг бир қисми эканини тасдиқлади.

Унинг айтишича, Россиянинг асосий стратегик мақсади — шарқдаги Донбасс ҳудудини тўлиқ эгаллаш. У ерда ҳозир энг кескин жанглар кетмоқда.

Грабскийнинг таъкидлашича, Россия мавжуд кучлари билан шимолда кенг кўламли ҳужум қила олмайди. У Суми вилоятини "чалғитиш минтақаси" деб атади — яъни Россия бу орқали Украина қўшинларини бўлиб, асосий фронтлардаги кучларни заифлаштирмоқчи.

AҚШда жойлашган "Урушни ўрганиш институти" (ISW) таҳлил марказининг маълум қилишича, Сумидаги ҳар қандай муваффақият Путин томонидан кейинги сулҳ музокараларида сиёсий босим ва янги ҳудудий талаблар учун баҳона сифатида фойдаланилиши мумкин.

Шунга қарамай, кузатувчиларнинг таъкидлашича, ҳозирча Сумида катта муваффақият ёки ҳал қилувчи ҳужум таҳдиди йўқ.

Россиянинг ҳозиргача илгарилаш суръатидан келиб чиқилса, яқин келажакда Суми каби йирик шаҳарни эгаллаб олиш эҳтимоли жуда паст. Босқиндан олдининг унинг аҳолиси 250 минг эди.

"Deep State" вакили Поҳорилийнинг сўзларига кўра, Украина қўшинлари фронт чизиғини барқарорлаштиришга муваффақ бўлган. "Россия Суми вилоятида амалиёт бошлаганига қарийб уч ой бўлди, аммо улар ҳали ҳам чегара ҳудудларидан узоқлашгани йўқ," деди у.

Полковник Мисник Украина 2022 йилдан бери бутун чегара бўйлаб мудофаа чизиқларини қурганини ва ҳозир бу чизиқлар Россия ҳужумини тўхтатишда аввалгига қараганда анча самарали эканини таъкидлади.

Бироқ, агар Кремлнинг устувор мақсадлари ўзгариб, Москва Сумига кўпроқ қўшин юборса, бу чоралар етарли бўлмаслиги мумкин.