Ўзбекистон: Суд журналист шаъни обрўсизлантирилмади, деб топди

Сурат манбаси, Ilyos Safarov
Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туман судида журналист Анора Содиқованинг Mufasa тахаллуси билан фаолият юритадиган блогер Мирсаид Ҳайдаров устидан ёзган шикояти бўйича маҳкама тугади.
Судя Дилноза Шаматова журналистнинг аризаси бўйича келтирилган даъволарнинг аксарини қаноатлантирмагани айтилмоқда.
Анора Содиқованинг Би-би-си Ўзбек Хизматига билдиришича, суд у ўз аризасида ҳақорат сифатида қайд этган сўзлардан фақат биттаси бўйича хусусий ажрим киритиш учун прокуратурага юборган.
Ҳакам даъвогар томонга маҳкама ҳукми 5 куннинг ичида берилишини айтган. Шу боис Би-би-си ҳукм тафсилотларини келтиролмайди.
Жабрланувчи томон хусусий лингвист экспертдан келтирган хулоса ҳамда давлатга қарашли Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги "Ҳадича Сулаймонова" номидаги Республика суд экспертиза маркази берган хулосада обрўсизлантириш борлигини айтган.
"Иккаласида ҳам фуқаро Мирсаид Ҳайдаров постларида Анора Содиқовага нисбатан обрўсизлантириш, камситиш, шаън-қадр қимматини обрўсизлантириш мавжуд деган хулоса келган. Хуллас, иккита – хусусий ва давлат экспертининг хулосасига қарамасдан судя қабул қилмади" - дейди Анора Содиқова.
Унинг урғулашича, судя аризани қаноатлантирмаслигига сабаб қилиб, экспертиза хулосаси тўлиқ очиб, асослаб берилмаганини келтирган.
Журналист суд ҳукмидан қониқмаганини ва ҳукмни қўлга олгач, апелляцияга беришини айтди.
26 феврал: Ўзбекистон: Журналист шаъни, қадр-қиммати суди бошланди

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур туман судида журналист Анора Содиқованинг Mufasa тахаллуси билан фаолият юритадиган блогер Мирсаид Ҳайдаров устидан ёзган шикояти бўйича маҳкама бошланди.
Судга даъво аризасида журналист Анора Содиқова Мирсаид Ҳайдаров Фейсбукдаги саҳифасида ўзининг шаъни, қадр-қимматини камситгани ва туҳмат қилганини ёзган.
Суд Ўзбекистон Фуқаролик кодексининг 100-банди (Шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш) бўйича суд терговини бошлашга қарор берди.

Сурат манбаси, .
Журналистларнинг хабар қилишларича, 26 феврал куни Фуқаролик ишлари бўйича Шайҳонтоҳур туман суди биносида кўп сондаги мухбирлар суд жараёнини ёритиш мақсадида тўпланганлар.
Суд жараёнига судя Дилноза Шоматова раислик қилмоқда.
Жараённи ёритишга тўпланган журналистларнинг хабар қилишларича, судя "Газета.uz", Kun.uz, Daryo.uz, Vatandosh TV, Uzdiplomat.uz, Paradigma.uz веб- нашрларининг мухбирлари, бошқа жамоатчилик фаолларини суд залига киритмасликка қарор қилган.
Суд залига фақат даъвогар Анора Содиқова, унинг адвокатлари, жавобгар Мирсаид Ҳайдаров ва унинг адвокатлари киришларига рухсат берилиши маълум қилинган.

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
Мамлакат қонунчилигида адвокатдан ташқари даъвогар ёки жавобгарнинг вакили иштироки белгилаб қўйилган, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари "Эзгулик" жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Анора Содиқованинг вакили этиб тайинланган.
Бироқ судя даъвогар расмий вакили Абдураҳмон Ташановни ҳам суд залига киритмаган, адвокатларнинг қонуний талаблари ортидан ҳуқуқбон Ташанов ҳам ичкарига қўйилди.
Маҳкама жараёни бошланганидан кейин суд ёпиқ ўтказилиши хабар қилинди.
Суд бошиданоқ қонунга зид бошланганини айтди Абдураҳмон Ташанов.
"Чунки судни ҳали ёпиқ, деб эълон қилмасидан олдин журналистлар ва жамоатчилик фаоллари суд залига кириши керак эди. Ёпиқ тарзда ўтиши айтилганидан сўнг уларни залдан чиқариб юбориш ёки фақат тингловчи сифатида иштирокини таъминлаш керак эди, аммо ундай бўлмади", деди ташқарида турган журналистларга Абдураҳмон Ташанов.
Ташанов айтишича, судни ёпиқ ўтказиш талабини жавобгар Мирсаид Ҳайдаровнинг адвокатлари илгари сурганлар, буни жавобгарнинг шахсига тегишли маълумотлар Интернетга чиқиб кетишини важ қилиб кўрсатганлар.

Сурат манбаси, BBC.COM/UZBEK
"Жавобгар Мирсаид Ҳайдаровнинг адвокати Раззоқ Алтиев судга икки масалада илтимоснома киритди. Биринчиси, мени даъвогар Анора Содиқованинг вакили сифатида судда иштирок этмаслигим бўлса, иккинчиси, судни ёпиқ тарзда ўтказиш бўйича эди.
Фуқаролик процессуал кодексининг 68-моддаси (Вакилнинг ваколатларини расмийлаштириш) 4-қисмига кўра, судда вакил сифатида қатнашишим керак эди. Аммо жавобгар томон адвокати бунга эътироз билдириб, „Даъвогарнинг шунча адвокати бор, унда вакилга хожат йўқ", дея вакилни, яъни мени суд залидан чиқариш бўйича илтимоснома киритди. Шунингдек, жавобгарнинг шахсга доир маълумотлари ижтимоий тармоқларда тарқалаётгани важ қилиниб, судни ёпиқ тарзда ўтказилиши бўйича ҳам илтимоснома киритди.
Биз ҳуқуқ учун курашяпмиз, сўз эркинлиги, инсон қадр-қиммати учун курашяпмиз. Судяга судларда шаффофлик ва ошкораликни таъминлаш бўйича Олий суд пленумининг қарорларини ҳам келтирдик. Аммо суд жавобгар томоннинг илтимосномаларини қаноатлантирди", деди Анора Содиқованинг суддаги вакили Абдураҳмон Ташанов.
Анора Содиқова суд жараёнини очиқ ўтказишни сўраган, бу жараёнда бирор давлат сири, иқтисодий сир ёки оила сири кўриб чиқилмаётганини айтган, бу суд иши айнан оммавий ахборот воситаларида тарқатилган, оммалашган маълумотлар асосида бўлаётганини эслатган.
"Судя жавобгар томоннинг икки илтимосномасини қаноатлантирди. Лекин бизнинг илтимосномамиз инобатга олинмади. Битта журналистга нисбатан отилган тош, қилинган ҳақорат ва туҳматлар барча оммавий ахборот вакиллари, фаолларга қилинган ҳатти-ҳаракат, деб ҳисоблайман. Бундай троллар жамоасининг ҳар бир ҳаракати очиқлик, сўз эркинлигига бўлган жиддий таҳдид, деб ўйлайман. Суд бу ишни адолатли кўриб чиқишига умид қиламан", деди журналистларга даъвогар Анора Содиқова.
Суд 27 февралда давом эттирилиши хабар қилинди.