Россия: Туғишни рағбатлантириш сиёсати қандай зиддиятни келтириб чиқарди?

Ҳомиладор аёл қорни

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 25 ёшдан кичик талабалар ва Россиянинг уч ҳудудида мактаб ўқувчи қизлари ҳам тўлов олишга ҳақлилар
  • Author, Ярослава Кирюхина
  • Role, Би-би-си Рус хизмати

Россияда ҳомиладор талабаларга, шу жумладан, мактаб ўқувчиларига ҳам пул бериш бўйича янги дастурлар баҳсларга сабаб бўлмоқда.

Танқидчилар бу дастурлар мамлакатдаги пасайиб бораётган туғилиш даражасини ошириш йўлида ўсмирлар орасида ҳомиладорликни рағбатлантириб қўйиши мумкинлигини таъкидлашади.

Би-би-си Рус хизмати ҳисобига кўра, 2025 йил январидан бери 27 та ҳудудда кундузги олий таълим муассасаларининг ҳомиладор талабалари бир марталик тўлов олиши мумкин бўлган дастурлар жорий этилди.

Алоқадор мавзулар

Кўпчилик ҳудудларда 25 ёшгача бўлган аёллар бу дастурдан фойдаланиши мумкин. Тўловлар минтақалар бўйича фарқ қилса-да, кўп жойларда 100 минг рубл (1210 доллар) миқдорида белгиланган.

Меҳнат вазирлигининг феврал ойидаги буйруғида "туғилиш даражасини ошириш бўйича минтақавий дастурлар" доирасида ҳомиладор талабаларга тўловлар берилиши назарда тутилган.

"Қаҳрамонлик эмас, фожиа"

Энг баҳсли жиҳати шундаки, Орёл, Брянск ва Кемерово вилоятлари ўз дастурларини мактаблардаги ҳомиладор қизларга ҳам татбиқ этган. Бу 18 ёш ва ундан кичик ўсмирларга тааллуқли бўлиб, энг паст ёш чегараси белгиланмаган. Россияда жинсий алоқага розиликнинг қонуний ёши 16 ёш ҳисобланади.

Президент Владимир Путин ҳукуматига содиқ бўлган Россия Давлат Думаси аъзоси Ксения Горячева бундай сиёсатни танқид қилди.

"Бола болани дунёга келтириши қаҳрамонлик эмас, фожиа, – деди у. – Демографик статистикани яхшилаш учун болаларнинг соддадиллигидан фойдаланмайлик."

Катта одам қўлини ушлаб ётган чақалоқ

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 2024 йилги статистика охирги 25 йилга солиштирганда Россияда энг кам туғилишни қайд этди

Думанинг оилавий ҳуқуқлар бўйича таниқли ҳимоячиси Нина Останина бундай тўловлар "эрта туғишни тарғиб қилиш" деб қабул қилиниши мумкинлигини, бу эса "анъанавий қадриятларга" зид эканлигини таъкидлади. У ҳукумат 18 ёшдан кичик қизларни туғишга ундамаётганини алоҳида қайд этди.

Орёл вилояти губернатори Андрей Кличков эса бу чорани "қийин ҳаётий вазиятга тушиб қолган одамларни қўллаб-қувватлаш усули" деб ҳисоблаш кераклигини, у федерал даражада тасдиқлангани ва шов-шувли сарлавҳалар учун янгилик эмаслигини айтди.

"Миллат учун ҳалокат"

Ўтган йили Россияда сўнгги 25 йил ичидаги энг кам – атиги 1,2 миллион бола туғилди.

Июл ойида Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков туғилиш даражасини "жуда паст" ва "миллат келажаги учун ҳалокатли" деб таърифлади.

Россия статистика агентлиги "Росстат" башоратига кўра, 2046 йилга келиб мамлакат аҳолиси 2023 йил бошидаги 146 миллиондан 139 миллионгача камайиши мумкин.

Демография масаласи кўп йиллардан бери Россия Президенти Владимир Путин нутқларининг асосий мавзуларидан бири бўлиб келади.

Декабр ойидаги нутқида у "демографик вазиятни яхшилаш, туғилиш даражасини ошириш ва кўп болали оилаларни қўллаб-қувватлаш" "бизнинг устувор миллий мақсадимиз" деб таъкидлади.

2013 йили туғруқхоналардан бирига ташриф буюрган Россия Президенти Владимир Путин.

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, 2013 йили туғруқхоналардан бирига ташриф буюрган Россия Президенти Владимир Путин кўп йиллардан демография муаммосига эътибор қаратиб келади

Сўнгги ойларда аёлларни эртароқ оила қуришга ундовчи чақириқлар ҳам кўпайди.

Феврал ойида бўлиб ўтган миллий анжуманда сўзга чиққан Россия Фанлар академияси профессори Игор Коган россиялик қизнинг биринчи жинсий тажрибаси – унинг айтишича, одатда 16 ёшда содир бўлади – "ҳомиладорлик ва муваффақиятли туғруқ билан якунланиши керак" деган фикрни билдирди.

Кейинчалик у бу фикрни аниқлаштирди ва бунинг учун "нормал" ёш 19 ёшдан 22 ёшгача эканлигини назарда тутганини айтди.

Оналик капитали

Iqtibos

Сурат манбаси, .

Ҳозирча фақат оз сонли аёллар янги тўловларни олишди.

Би-би-си маълумотларига кўра, январ ойидан бери Россиянинг турли ҳудудларида 66 нафар ҳомиладор талаба 20 мингдан 150 минг рублгача (242 доллардан 1815 долларгача) миқдорида тўлов олган.

Меҳнат вазири Антон Котяков апрел ойида тўловлар эрта туғруқни рағбатлантириш учун эмас, балки қийин вазиятларга тушиб қолган ёш оналарни қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган деди.

"Давлат ёрдами унга муҳтож бўлган барча оналарга йўналтирилиши керак. Ҳар қандай ёшда ҳам инсонни у дуч келаётган ҳаётий вазиятда ёлғиз қолдирмаслигимиз лозим."

Янги тўловлар мавжуд дастурларга, жумладан, 2007 йилда жорий этилган "оналик капитали" тўловига қўшимча ҳисобланади. Бу тўлов дастлаб иккинчи фарзанд учун бериларди, аммо кейинчалик биринчи туғилган чақалоқлар учун ҳам кенгайтирилди.

Ҳозирда оилалар биринчи фарзанди учун 690 минг рубл (8349 доллар), иккинчиси учун эса 222 минг рубл (2686 доллар) олади. Талабалар ва мактаб ўқувчи қизларга бериладиган янги тўловлар буларга қўшимча амалга оширилади.

Кенг тарқалган тенденция

Туғилиш даражаси пасайиши ва аёлларнинг кечроқ оила қуриши, айниқса, бой мамлакатларда кенг тарқалган тенденция ҳисобланади.

Бироқ, 1990-йиллардаги пост-совет иқтисодий ва сиёсий беқарорлиги даврида Россияда туғилиш сони 1990 йилдаги икки миллиондан 1999 йилда 1,2 миллионгача кескин камайди.

2000 йилдан кейин бу кўрсаткич яна ўсди, аммо 2016 йилдан бери пасаймоқда – қисман 1990- йилларда туғилган авлоднинг камлиги, шунингдек, ҳар бир аёлга тўғри келадиган болалар сони камайиши сабабли.

Россияда туғилиш даражаси ҳар бир аёлга 1,4 атрофида – Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилотининг (ИҲТТ) 2022-йилги маълумотларига кўра, бу Италиядаги 1,2 дан юқори, аммо Франциядаги 1,8 дан паст. Мамлакатлар ўз аҳолисини сақлаб қолиши учун – иммиграцияни ҳисобга олмаганда – бу кўрсаткич 2,1 атрофида бўлиши лозим.

Россияда баъзи кузатувчилар иқтисодий ноаниқлик, шунингдек, урушга сафарбар қилинган ёки ҳарбий хизматдан қочиш учун мамлакатни тарк этган рус эркаклари сонини таъкидлаб, Украина урушига ишора қилишади.

"Қисқа ўсиш, сўнг пасайиш"

Мутахассислар таъкидлашича, ҳукуматларнинг демографик тенденцияларни ўзгартириш бўйича саъй-ҳаракатлари узоқ муддатда камдан-кам ҳолларда самарали бўлади.

"Тўнғич фарзандлар туғилишини рағбатлантиришга уринишлар сўнгги ўн йилликларда Россияда ҳам, хорижда ҳам, ҳеч қаерда натижа бермаган," дейди россиялик мустақил демограф Алексей Ракша.

Паркда боласини эмизиб, мобил телефонига қараб ўтирган ёш она

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Экспертларга кўра, болали бўлиш қарорига таъсир кўрсатадиган энг асосий омил молиявий хавфсизликдир

Бироқ, унинг сўзларига кўра, иккинчи бола учун она капитали жорий этилиши Россияда дастлаб туғилиш даражасини оширган.

Оксфорд университетининг оилавий демография бўйича фахрий профессори Жон Эрмишнинг айтишича, молиявий рағбатлар таъсири одатда вақтинчалик бўлади: "Қисқа ўсиш кузатилади, кейин пасайиш бошланади."

У 20 ёшгача бўлган аёллар ўртасида туғилиш даражасини оширишга уриниш ғоясига янада шубҳа билан қарайди.

"Буюк Британия ва АҚШда ўсмирлар ҳомиладорлигини камайтириш мақсад қилинган, чунки бу кўпинча ижтимоий муаммоларга олиб келади ва она соғлиғига зарар етказади – баъзи ҳукуматлар умид қилганидек, катта оилаларга олиб бормайди," дейди у.

Иккала эксперт ҳам кенг қамровли молиявий барқарорлик муҳим рол ўйнашини таъкидлайди.

"Барқарорлик ҳисси бўлмаса, – дейди профессор Эрмиш, – аёллар ҳеч қандай пул эвазига бола туғмайди."