Ўзбекистон президенти "катта синов" ҳақида гапирди...

Сурат манбаси, rasmiy
Шавкат Мирзиёев бугунги геосиёсий ва геоиқтисодий вазиятдан хавотирдами?
Ўзбекистон президенти "катта синов" ҳақида гапирди.
Шавкат Мирзиёев сўнгги икки ойнинг ўзида Украина уруши мавзусига бир неча бор қайтди.
Шунинг баробарида Исроил-Фаластин можаросию Афғонистон масаласини ҳам яна тилга олди.
Ukraina atrofidagi vaziyatni diplomatiya va muzokaralar yo‘li bilan hal etishga qaratilgan amaliy saʼy-harakatlarni qo‘llab-quvvatlaymiz.
Украина, Яқин Шарқ ва Афғонистон...

Сурат манбаси, rasmiy
Ўзбекистон президенти бу гал ҳар уч можарога бу гал Туркий тилли давлатларнинг Венгриядаги норасмий саммитида эътиборни тортди, унда нутқ сўзлади.
Туркия дунёнинг биринчилардан бўлиб Украина урушига дипломатик йўлда ечим топиш ҳаракатидаги энг йирик туркий тилли ва НАТОга аъзо ягона мусулмон давлати, мезбон Венгрия эса, ташкилотнинг бугун ҳам аксарият аъзоси Украина ҳимоясида туриш аҳдида қатъий бўлган Европа Иттифоқига аъзо ягона кузатувчи мақомидаги мамлакати бўлади.
Ўзбекистон эса постсовет маконидаги энг йирик мусулмон давлати саналади.
Ўзбекистон президенти Туркий давлатлар ташкилотининг норасмий саммити шиддат билан ўзгараётган глобал вазият ва олдиндан айтиб бўлмайдиган мураккаб жараёнлар шароитида ўтаётганини ҳам алоҳида таъкидлади.
Шавкат Мирзиёев геосиёсий ва геоиқтисодий зиддиятлар, минтақавий низолар ва иқлим ўзгариши оқибатларининг кучайиши барча учун катта синов бўлаётганини айтди.
У, шу сабабли ҳам, «долзарб муаммолар бўйича Туркий тиллий давлатларнинг умумий ёндашув ва позицияиларини кучайтириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим» эканини қайд этди.
Ўзбекистон президенти бу гал ҳам ўзларининг энг оғриқли муаммоларга халқаро ҳуқуқ меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми асосида ечим топиш зарур, деб ҳисоблашларини баён қилди.
«Украина атрофидаги вазиятни дипломатия ва музокаралар йўли билан ҳал этишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз», - деди Шавкат Мирзиёев.
У Туркия раҳбарининг бу борадаги «муносиб ҳисса»сини ҳам алоҳида эътироф этди.
Шавкат Мирзиёев Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг бу борадаги муносиб ҳиссасини алоҳида эътироф этди.
Шу ой бошида Украина Мудофаа вазирлиги ва Разведка бошқармаси қошидаги "Хочу жить" лойиҳаси Россия ҳарбийлари сафида жанг қилаётган ёки қилган 1110 нафар Ўзбекистон фуқаросининг рўйхатини эълон қилган.
Лойиҳа бу рўйхат тўлиқ эмаслиги ва этник ўзбекларни қўшиб ҳисоблаганда уларнинг сони бир неча минг бўлиши мумкинлигини ҳам даъво қилган.
Расмий Тошкент айни мазмундаги хабарларни ўрганишларини билдирган.
Унгача лойиҳа Россия армияси сафларида жанг қилаётган Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Беларус фуқароларининг рўйхатини ҳам чоп қилганди.
Россия томонда жанг қилаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳозирча ушбу рўйхатлар ичида энг кўпи бўлиб тургани кўрилганди.
Аммо, шуни ҳам таъкидлаш керакки, Би-би-си уруш шароитида рақиб томонлар эълон қилаётган ёки тақдим этаётган бу каби маълумотларни мустақил манбалар орқали тасдиқлашга имконсиз.
Украина низоси

Сурат манбаси, Getty Images
Венгриядаги норасмий саммит ва Ўзбекистон президентининг ундаги чиқиши Европа Иттифоқининг Россияга ўзининг 17-санкция пакетини киритиши ортидан бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистонда жойлашган айрим ширкатлар ҳам нишонга олингани хабар қилинди.
Ўтган ой бошида эса, айнан Ўзбекистон Марказий Осиё давлатларининг Европа Иттифоқи билан илк тарихий саммитига мезбонлик қилган.
Самарқанддаги саммит чоғида ҳам Украина масаласи кўтарилганди.
Европа Иттифоқининг президенти Антониу Кошта саммитдаги чиқишида Россиянинг Украинага тажовузини "айни пайтдаги энг долзарб таҳдид", - деб атаган.
У Марказий Осиёни Россиянинг Украинадаги босқинига қарши ҳамкорликда ишлашга чақирган.
Ўзбекистон эса худди шу саммитда Украина можаросига тинч йўл билан ечим топишга қаратилган сўнгги халқаро саъй-ҳаракатларга илк бор ўзининг расмий муносабатини билдирган.
Президент Шавкат Мирзиёев музокаралар бошланганини олқишлашлари ва тўлиқ қўллаб-қувватлашларини баён қилганди.
Европа АҚШ президентининг Путин билан имкон қадар тезликда келишиб, Украина урушига чек қўйиш саъй-ҳаракатлари манзарасида ҳар томонлама расмий Киев ҳимоясида турган томон бўлади.
Нейтрал Туркманистон истисно қолган барча Марказий Осиё давлатлари Украина уруши масаласида бетараф мавқеъда, Россиянинг тажовузини на-да ошкора ёқлашган ва на-да қоралашган.
Россия улар барчасининг энг йирик савдо-иқтисодий шеригидан биттаси, стратегик иттифоқчиси, ҳарбий, ҳарбий-техник ҳамкори ва аксариятининг катта сондаги аҳолиси учун энг йирик меҳнат бозори ҳам бўлади.
Самарқанд саммити фонида Европа Иттифоқи президентининг Марказий Осиё давлатларига қилган даъватига эса, Россия томонининг расмий муносабати ноаён қолган.
Аммо мазкур саммитдан қисқа вақт ўтмай Ўзбекистонга амалга оширган икки кунлик расмий ташрифи якунлари бўйича қилган нутқида Сергей Лавров "Марказий Осиё+Россия" формати АҚШ ва Европа Иттифоқиники билан қиёсланганда қанчалик иш бериши мумкинлиги саволига берган жавобида бу масалага эътибор қаратган.
Россия Ташқи ишлар вазири жавоб берган саволда "Дарҳақиқат, ҳозир Марказий Осиё учун ҳақиқий кураш бошланди", деган жумлаларни ҳам кўриш мумкин бўлган.
Сергей Лавров, ўзларининг, "ҳамкорлик жараёнларини сиёсийлаштириш, у ёки бу гуруҳ мамлакатларнинг шу ва бошқа геосиёсий маконларда ҳукмронлик ўрнатишга уринишлари билан боғлиқ мафкуравий элементларни киритишга мутлақо қарши" эканликларини билдирган, буни мавқеъларининг муҳим нуқталаридан бири сифатида тилга олган.
"Афсуски", деркан, Россия Ташқи ишлар вазири, "бундай уринишлар ғарблик ҳамкасбларининг Марказий Осиё "бешлиги" билан ўзаро муносабатларига бўлган ёндашувларида яққол кўзга ташланиши, айниқса, Европа Иттифоқи аъзолари ва Европа Комиссиясининг Брюсселдаги раҳбарияти алоҳида ажралиб туриши, улар минтақада ўз кун тартибини Россияга қарши очиқча кайфият билан олға суришга ҳаракат қилаётганлиги"ни таъкидлаган.
Сергей Лавровнинг айни мазмундаги баёнотларига минтақа давлатлари пойтахтлари, Европа Иттифоқи ва Европа Комиссиясининг муносабати ўшанда ноаён қолган.
Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи эса, Самарқандда стратегик шериклик декларациясини қабул қилган.
Декларацияда айнан глобал ва минтақавий геосиёсий ландшафтни ҳисобга олган ҳолда муносабатларни яхшилашга қарор қилингани қайд этилганди.
Биринчи марта эмас

Сурат манбаси, Official
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг ҳозирги кунда халқаро майдондаги энг долзарб муаммолар бўйича айни шу мазмундаги позициясини Самарқанддаги тарихий саммитдан қисқа вақт ўтмай, пойтахт Тошкент мезбонлик қилган Парламентлараро Иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеясида ҳам расман очиқлаган.
Ўшанда ҳам айнан Украина уруши, Исроил-Фаластин можароси ва Афғонистон масаласига хосан ва бирма-бир тўхталиб ўтган.
Бунинг ортидан, Ўзбекистон раҳбари 9 май куни, Ғалабанинг 80 йиллигига бағишланган тантанали тадбирлар доирасида Россия президенти билан шахсан учрашган, аммо Москвадаги мазкур учрашув чоғида Украина урушига қандай ечим топиш масаласи муҳокама қилингани-йўқлиги ноаён қолган.
Мирзиёев ўтган йил октябрида Қозонда ўтган "БРИКС+" саммитида сўзлаган нутқида ҳам дунёда уруш ва можаролар сони ортаётганидан ташвиш билдириб, Ўзбекистон томони глобал муросага эришиш бўйича даъватларни қўллаб-қувватлашини билдирганди.
"Геосиёсий рақобат, миллий эгоизм ва мафкуравий қолиплардан ҳоли бўлган, конструктив мулоқот йўли билан глобал муросага эришиш бўйича янграган даъватларни қўллаб-қувватлайман", деган Мирзиёев Россия президенти Владимир Путин мезбонлик қилган саммитдаги чиқишида.
Бироқ Ўзбекистон президенти ўшанда Украина можаросини бевосита тилга олмаган эди.
Украина урушига дипломатик йўлда ечим топиш ҳаракатлари куни ўтган куни ўзининг кульминацион нуқтасига чиққан.
Томонлар сўнгги Украина уруши фонида илк бор Истанбулда юзма-юз учрашишган, мулоқот олиб боришган.
Аммо якунида Украина ва унинг ғарблик иттифоқчилари талабида бўлган бирор бир шартларсиз бир ойлик муваққат оташкесим таклифи амалга ошмаган.
Бевосита музокаралар АҚШ Президенти Дональд Трампнинг Украина урушига тинч йўл билан якун ясаш саъй-ҳаракатлари натижасида амалга ошган.
Кутилган натижани бермаган мазкур мулоқот ортидан, Америка раҳбари Россия ва Украина президентларига сим қоққан.
Путин билан икки соатлик телефон суҳбати ортидан Дональд Трамп, агар Москва ва Киев ўртасидаги музокараларда илгарилаш бўлмаса, мамлакати Украинадаги урушни тўхтатиш ҳаракатларидан ортга қайтиши билан огоҳлантирган.
Украина Президенти Володимир Зеленский эса америкаликларнинг бу жараёндан чиқиб кетишларини истамаслигини айтган.
"АҚШ ўзини музокаралардан ва тинчликка эришиш ҳаракатларидан ихоталамаслиги барчамиз учун муҳим, чунки акс ҳолда бундан фақат Путин манфаат кўради", - дея баён қилган.
Россия раҳбари эса, ўз навбатида, Трамп билан суҳбат конструктив ўтганини билдирган.
Аммо телефон суҳбатининг бошқа тафсилотлари ноаён қолган.
Шу кунларда эса, рақиб томонлар бир-бирларига бу яқин йилларда кўрилмаган йирик дрон зарбаларини берганликларига оид хабарлар ҳам олинган.
Украина томони уруш билан кечаётган сўнгги уч йил ичида энг йириги экани айтилган ва якшанба куни амалга оширилган дрон ҳужумини, «Россиянинг тинчлик истагида эмаслигининг далолати» сифатида ҳам баҳолаган.
Володимир Зеленский эса, куни-кеча Путин «фақат вақтдан ютмоқчи» эканини ҳам даъво қилган.
Расмий Киевнинг ҳар икки даъвосига ҳам Россия томонининг муносабати ҳозирча имконсиз.
Ғазо...

Сурат манбаси, Reuters
Ўзбекистон президенти ўз чиқишида Ғазодаги вазиятга тўхталаркан, сулҳ битимининг бузилиши ва ҳарбий ҳаракатларнинг қайтадан бошланиши барчаларини чуқур ташвишга солаётганлигини айтган.
Шавкат Мирзиёев яна бир бор токи «икки халқ учун – икки давлат» тамойили амалга ошмас экан, Фаластин-Исроил низосининг адолатли ечимини топиш мумкин эмас»лигини таъкидлаган.
Ўзбекистон раҳбари, ўз навбатида, глобал ва минтақавий хавфсизлик ҳақида сўз юритилганида, Афғонистондаги мураккаб вазиятни ҳам инобатга олишлари ва унга биргаликда ечим топишлари лозимлигини баён қилган.
Исроил-Фаластин можароси Ўзбекистон ва президент Шавкат Мирзиёевнинг диққат-эътиборидаги глобал муаммо бўлади.
Ўзбекистон томони, йилларки, бу муаммони халқаро ҳуқуқ меъёрлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгаши томонидан аввал қабул қилинган резолюциялар ва "икки халқ учун икки давлат" тамойили асосида ҳал этилиши лозимлигини таъкидлаб келади.
Расмий Тошкент можаро марказида бўлган Ал-Ақсо масжиди ва Қуддусдаги бошқа муқаддас қадамжоларнинг дахлсизлигини таъминлашга ҳам чақиради.
Ўзининг расмий баёнотларида томонларни зўравонликка чек қўйишга ҳам даъват этади.
Ўзбекистон президенти 2023 йилнинг март ойида Қўшилмаслик ҳаракати Мулоқот гуруҳининг Бокуда бўлиб ўтган саммити чоғида ҳам Яқин Шарқдаги вазиятга эътибор қаратган.
Шавкат Мирзиёев ўзининг чиқишида "Яқин Шарқ минтақасида ҳам узоқ вақтдан буён сақланиб қолаётган низонинг глобал ечими ҳанузгача топилгани йўқ"лигидан хосан ташвиш билдирган.
Ўтган йил охирида эса, Рафаҳдан ярадор аёллар ва болалардан иборат 100 нафар фаластинлик Ўзбекистонга эвакуация қилинган.
Ўшанда Ўзбекистон томони "Фаластин халқига амалий ёрдам кўрсатиш масалаларини Самарқандда ўтадиган "Кўрфаз араб давлатлари — Марказий Осиё" саммитида ҳам муҳокама қилиш нияти"ни изҳор этган.
Ғазодаги инсонпарварлик билан боғлиқ бугунги вазият эса, шу кунларда сарлавҳаларга чиққан янгилик, мавзу, муаммо бўлади.
2023 йилнинг йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон президенти БМТнинг Яқин Шарқ агентлигига (UNRWA) Ғазо секторидаги фаластинлик қочқинларга ёрдам бериш учун $1,5 миллион доллар ажратиш тўғрисидаги қарорни ҳам имзолаган.
ва Афғонистон


«Афғонистон бўйича қўшма баёнот қабул қилинаётгани тузилмамизнинг бу масалага жиддий эътибор қаратиб келаётганидан далолат беради», - деб айтган Шавкат Мирзиёев.
Афғонистон дунёнинг Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон - уч Марказий Осиё давлатига чегарадош давлати бўлади.
Дунёнинг бошқа ўнлаби қаторида энг йириги илова қатор Ўзбек жангари гуруҳлари ҳам бошпана топган, жанг қилган ва ҳозир ҳам жон сақлаб келаётган саноқли мамлакатларидан бири.
Ўзбекистон Исломий ҳаракати энг сўнггида тўлиғича байъат келтирган Яқин Шарқдаги ИШИД гуруҳининг бугунги кундаги энг жанговар ва энг ҳалокатли қаноти сифатида эътироф этилаётган Хуросон қаноти қайта кучайишга муваффақ бўлган ва бу Марказий Осиё ҳукуматларида аллақачон жиддий хавотирларни пайдо қилиб бўлган давлат.
Айнан Афғонистонда Ўзбекистондан кейин энг катта сондаги ўзбеклар ҳам яшайди.
Узоқ йиллик урушлар гирдобидаги, сўнгги чорак асрнинг ўзида Афғонистон Толибон ҳаракати мисолида бир жангари гуруҳ икки бор ҳокимиятни эгаллаган ягона минтақа мамлакати.
Афғонистон Толибон ҳаракати яқин-яқингача минтақадаги энг йирик жангари гуруҳ, деб кўрилган, жаъми аъзолари ва тарафдорларининг сони 200 мингдан ортиши айтилган, қудратга қайтишидан қисқа вақт ўтмай эса, муваққат ҳукумати минтақада энг йирик Армияга эга бўлиш режасини ошкора баён қилган ташкилот.
Бошқа томондан, Афғонистонда қудратга қайтишидан ҳеч қанча ўтмай, якка ўзи жадал қуриб, битказишга киришган ва Марказий Осиё давлатлари барчасининг жиддий хавотирларига сабаб зиддиятли Қўштепа канали ҳам воқеаларнинг сўнгги ривожи фонида алоҳида эътиборга молик яна бир масала бўлади.
Чунки айнан сув ресурслари тақсимоти ҳам сувга чанқоқ минтақада урушга етаклаши мумкин бўлган энг ҳассос муаммолардан бири сифатида кўрилади.
Ўзбекистон эса, барча шу омиллар манзарасида дунёнинг Толибон ва унинг бошқаруви остидаги Афғонистон билан фаол мулоқотга киришган, қўшниларини яккалаб қўймасликка чақириб келаётган саноқли давлатларидан бири бўлади.
Афғонистон муҳим транзит йўлида жойлашган, Марказий Осиёни Жанубий Осиё билан боғлаш, Ўзбекистон каби денгизга йўли икки карра ёпиқ минтақа давлатларини жаҳон сув йўлларига олиб чиқиш потенциалига эга.
Айрим етакчи Ғарб нашрлари га кўра, айрим минтақа давлатлари ҳукуматлари зарурат туфайли бугунги Кобул билан алоқа ўрнатган бўлишса-да, Толибон илҳомлантирган радикаллашув, ўзаро чегаралари хавфсизлиги ва трансчегаравий жангарилари борасидаги қўрқувлар ҳамон сақланиб қолмоқда.