Янгиликлар: Расмий Тошкент таҳдидни англадими ёки Шавкат Мирзиёев нимадан жиддий хавотирда? Ўзбекистон фуқаролари огоҳлантирилди Video O‘zbekiston Isroil G‘azo Yangiliklar

Сурат манбаси, Rasmiy
- Author, Феруза Раҳмон
- Role, bbc.com/uzbek
Нима гап?
Алоқадор мавзулар:
- Исроил ва Фаластин аҳолиси энг даҳшатлиси ҳали олдинда бўлиши мумкинлигидан қўрқиб яшамоқда
- Янгиликлар. Бунақаси бўлмаган: Ҳамас орқасида ким турибди, Исроилни енгиб бўладими, у ердаги ўзбекларга нима бўлди ва Шавкат Мирзиёев бежизга огоҳлантирмаганмиди?
- Мирзиёев, Ўзбекистон ва Қозоғистон Шарқий Қуддусдаги вазиятдан жиддий хавотирда
- Фаластин қандай кичрайиб, Исроил қандай кенгаймоқда? Тарихий ва бугунги хариталар - Янгиликлар Дунё
Ўзбекистон президенти кечаётган ҳафтанинг ўзида эътиборини кетма-кет Исроил-Фаластин можаросига қаратди.
Шавкат Мирзиёев мазкур муаммонинг ниҳоятда хавфли тус олгани "барчаларини жиддий хавотирга солаётгани"ни айтди.
Ўзбекистон президенти томонларни зудлик билан ҳарбий ҳаракатларга барҳам беришга чақирди.
Уларни "ўт очишни тўхтатиш ва гуманитар мақсадларда муросага келиш"га ундади.
Шавкат Мирзиёевнинг сўзлари бу гал Қозоғистон пойтахти Остонада, Туркий Давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши чоғида янгради.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост
Ўзбекистон энг йирик мусулмон пост-совет давлати бўлади.
Туркий Давлатлар ташкилотининг аксарият аъзолари эса, дунёнинг аксар аҳолиси мусулмон давлатлари саналишади.

Сурат манбаси, .
Шавкат Мирзиёевнинг баён қилишича, Исроил-Фаластин муаммосининг ягона ва энг адолатли ечими - низони "икки халқ учун икки давлат" тамойили асосида ҳал этишдир.
Ўзбекистон президентига кўра, "Фаластин халқи Бирлашган Миллатлар Ташкилоти резолюцияларида белгиланганидек, мустақил давлат барпо этиш ҳуқуқига эга".
"Биз ташкилотимиз доирасида бу борадаги якдил ва қатъий позициямизни бутун дунёга эълон қилишимиз зарур", - дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон раҳбарининг Остонадаги чиқиши Ғазодаги вазият ўта кескинлашаётган, гуманитар вазият жиддий хавотирларга сабаб бўлаётган ва АҚШ Давлат котибининг Исроилга навбатдаги ташрифи билан бир пайтга тўғри келди.
Энтони Блинкин сўнгги Исроил-Ҳамас можароси фонида шу соатларда иккинчи бор Тель-Авивга келган.
Аммо унинг бу гал можарода гуманитар танаффус эълон қилишга чақириши кутилаётир.

Сурат манбаси, .
Исроил Бош вазири эса, яқинда сулҳга оид ҳар қандай ғояни рад этишларини билдирганди.
Туркий Давлатлар ташкилоти таркибига дунёнинг НАТОга аъзо ягона мусулмон давлати бўлган ва Исроил-Фаластин можароси юзасидан ўзининг кескин мавқеини расман ва ошкора баён этиб келаётган Туркия ҳам киради.
Ўзбекистон президентининг Тошкент ва Остонада устма-уст янграётган даъватларига Исроил ва Ҳамаснинг муносабати ҳозирча маълум эмас.

Сурат манбаси, EPA
Ўтган ҳафта Ўзбекистон Ғазода гуманитар сулҳ ўрнатишга оид Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган резолюцияни ҳам ёқлаб овоз берган.
Қудратга келиши ортидан, Яқин Шарқдаги вазият Шавкат Мирзиёевнинг диққат-эътиборидаги халқаро аҳамиятга молик масалалардан бири бўлади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Исроил-Ҳамас уруши билан кечаётган сўнгги бир неча ҳафтанинг ўзида бир эмас, бир неча бор расмий баёнот билан чиққан.
Таҳлилчилар Ўзбекистон, расмий Тошкент бу масалада ҳам нейтрал мавқеъни намоён этиб келаётганига ўзларининг эътиборларини қаратишади.
Айрим етакчи минтақавий таҳлилчилар орада минтақа ва постсовет ҳудудидаги энг катта мусулмон жамияти, давлати эканини назарда тутаркан, Ўзбекистон "Фаластин борасида ўзининг тўлиқ шаклланган позициясига эга бўлиши ва давлат бу позициясини баралла айта олиши керак"лиги борасида фикр билдиришган.
Уларга кўра, Фаластин-Исроил можароси фонида Ўзбекистон, Марказий Осиё, туркий ва мусулмон давлатлари ўзининг глобал сиёсатдаги субъектлигини, аҳамиятини ошириш имконияти бўлган ва бу масалада бир томондан ўйлаб, эмоцияга берилмасдан стратегия қабул қилиш лозим.
Тошкентда янграган баёнотлар

Сурат манбаси, Getty Images
Ўзбекистон президенти шу ҳафта сешанба куни ўзининг эътиборини Исроил-Фаластин можаросига қаратган.
Шавкат Мирзиёев ўзларининг "Фаластин халқи билан бирдам эканликларини қатъий билдиришлари"ни айтган.
Фаластиннинг "БМТ Бош Ассамблеяси ва Хавфсизлик Кенгашининг илгари қабул қилинган резолюцияларига мувофиқ ўз мустақил давлатини барпо этишга бўлган ҳуқуқини қўллаб-қувватлашлари"ни баён қилган.
Ўзбекистон президенти ўшанда "зўравонлик янада авж олаверса, бу халқаро вазиятнинг кенг миқёсда издан чиқишига, қуролли тўқнашувларга янги кучлар тортилиши, буларнинг барчаси Яқин Шарқ минтақаси билан чекланмай, узоқ ўлкаларга ҳам тарқалиб кетадиган, оқибатини башорат қилиб бўлмайдиган фожиаларга олиб келиши мумкин"лиги билан огоҳлантирган.
Шавкат Мирзиёев шуларнинг барчасини назарда тутган ҳолда, пойтахт Тошкентда ҳам "ҳар икки томонни зудлик билан гуманитар мақсадларда муросага келиш, жанговар ҳаракатларни тўхтатиб, низони тинчлик йўли билан ҳал этиш"га чақирган.
Ўзбекистон етакчиси ҳар икки томондан қурбон бўлган барча инсонларнинг оилаларига "чин дилдан" ўз таъзияларини изҳор этаркан, "Ғазо сектори аҳолисига баҳоли қудрат ёрдам кўрсатиш учун Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқ агентлигига 1 миллион 500 минг доллар ажратиш ҳақида қабул қилган қарори" ҳақида ҳам расман маълум қилганди.
Янгилик ўшанда сўнгги Исроил-Ғазо уруши фонида ҳозирча қолган бирор бир минтақа давлати пойтахтида кузатилмагани билан ҳам четдаги кўпчиликнинг диққат-эътиборини ўзига тортмай қолмаганди.
Яқин Шарқдаги бугунги можаронинг Марказий Осиёга геосиёсий ва иқтисодий таъсирига оид хавотирлар эса, аллақачон кенг матбуотнинг эътиборига тушган долзарб мавзулардан бирига айланиб улгурган.

Сурат манбаси, .
Сўнгги Исроил-Ҳамас уруши глобал сиёсатда қудратлар атрофида қайта блоклашувларга сабаб бўлиши, бу каби эҳтимол геосиёсий мувозанат посангисини Россия фойдасига оғдириши мумкинлиги, юзага келажак янгича геосиёсий воқеълик эса, минтақа учун бетаъсир кечмаслигига оид хавотирлар ҳам бор.
Ўзбекистон президенти Тошкентда қилган худди шу чиқиши чоғида барча ўзбекистонликлар, энг аввало ёшларга мурожаат қилиб, уларни турли ёлғон ташвиқотларга берилмаслик, қонунга зид хатти-ҳаракатлар содир этмасликка ҳам чақирган.
Шавкат Мирзиёевнинг даъвати юздан ортиқ ўзбекистонликнинг Фаластинни қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистон пойтахтида рухсатсиз митинг ўтказиш уриниши ортидан янграган.
Уларнинг ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ички ишлар бўлимларига олиб борилиб, суҳбат ўтказилгани ва айримларининг маъмурий жавобгарликка тортилганига оид хабарлар эса, ижтимоий тармоқларда Фаластинни дастаклаш мумкин, аммо намойишларга рухсат йўқ қабилидаги талқинларга ҳам сабаб бўлмай қолмаган.
Яна бир огоҳлик

Сурат манбаси, Reuters/illyustrativ
Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси шу кунларда ўз фуқароларига огоҳлантириш билан чиққан.
Элчихона мурожаатида ўзларига келиб тушаётган маълумотларга таяниб, мамлакатда бўлаётган можароли воқеаларга ижтимоий тармоқларда ноўрин муносабатлар билдирилиб, унда турли хилдаги акцияларга чиқишга чақириқлар пайдо бўлаётганини айтган.
Бунинг ортидан Ўзбекистон фуқароларига бўлаётган вазиятга ҳар қандай фикр билдириш ва уни муҳокама қилиш Исроил ҳуқуқ-тартибот идоралари ва махсус хизматлари томонидан қаттиқ назоратга олинганини эслатган.
Шуларни эътиборга олган ҳолда, барча ўзбекистонликларни турли ёлғон ташвиқотларга берилмаслик, қонунга зид хатти-ҳаракатлар содир этмасликка чақирган.
Ўз мурожаати сўнггида элчихона консуллик бўлимининг ишонч телефонларини ҳам илова қилган.
Кечаётган ҳафтада расмий Тошкент ҳозир Исроил ва Фаластин ҳудудларида бўлган Ўзбекистон фуқаролари сонига ҳам расман ойдинлик киритган.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроилда 10,5 мингдан зиёд ўзбекистонлик борлиги, Фаластин бўйича эса, маълумотлари йўқлигини маълум қилган.
Вазирлик расмийсига кўра, моддий шароитлари туфайли уларнинг кўпчилиги ортга қайтишни хоҳлашмаяпти.
Таҳлил
Исроил ва Фаластин: Экспертлар огоҳлантиради - Урушдан сўнг Ғазога нима бўлиши ҳақида Исроилда аниқ режа йўқ

Сурат манбаси, Shutterstock
Пол Адамс
Би-би-си дипломатик масалалар мухбири
Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу "Яқин Шарқни ўзгартириш"га ваъда берди. Жо Байден "Ортга қайтиш йўқ" деди. Аммо Исроил Ғазо секторига ҳужумларни зўрайтириб, фаластинликларни йўлдан қочишга ундаётган бир вақтда, уруш қай томон ривожланмоқда, кейин нима бўлади?
7 октябрдаги даҳшатлардан кейин Исроил ҳукумати Ҳамасни сиёсий ва ҳарбий куч сифатида Ғазодан бутунлай йўқ қилишга қасд қилганини такрорламоқда.
Аммо ҳарбий куч мунтазам ва интенсив қўлланиши ўз йўлига, аммо Исроил ўз мақсадига қанчалик эришиши ҳамон мавҳум қолмоқда.
"Эртага нима қилишингизни аниқ билмай бундай тарихий ўзгаришни қила олмайсиз", дейди Тел-Авив Университетининг Моше Даян маркази, Фаластин тадқиқотлар форуми раҳбари доктор Майкл Милштейн.
Илгари Исроил ҳарбий разведкасида Фаластин ишлари бўйича департамент бошлиғи бўлган доктор Милштейн режалар ўлда-дўлда эканидан хавотир билдирди.
"Режани ҳозироқ тузиш керак," дейди у.
Ғарб дипломатлари Исроил билан келажак борасида яқиндан мулоқот қилаётганликларини айтмоқда, аммо бу келажак қандай экани ҳануз номаълум.
"Аниқ режа йўқ, - дейди дипломатлардан бири. - Режанинг қораламасини қоғозга туширишингиз мумкин, аммо ҳақиқий режа учун ҳафталаб, ойлаб дипломатия керак бўлади."
Ҳамасни ҳарбий жиҳатдан тор-мор қилишдан тортиб, Ғазонинг катта қисмини эгаллашгача бўлган ҳарбий режалар ишлаб чиқилган. Аммо аввалги инқирозлар билан боғлиқ тажрибаси бор одамлар ҳозирча режалар шу билан чекланганини айтади.
"Ғазодан қўшинлар чиқарилгандан кейинги куни нима бўлиши борасида аниқ, ишлайдиган режа йўқ", дейди Исроилнинг ташқи разведка хизмати - Моссаднинг собиқ катта офицери Ҳайм Томер.
Исроилликлар бир нарсада ҳамжиҳат: Ҳамас йўқ қилиниши керак. 7 октябрдаги ҳунрезлик ҳақиқатда даҳшатли бўлган. Бундан кейин Ҳамас Ғазони бошқариши мумкин эмас.
Доктор Милштейннинг айтишича, Ҳамас гуруҳ эмас, ғоядир. Исроил уни шунчаки ўчириб ташлай олмайди.
"У шунчаки байроқни Рейхстаг тепасига тикиб қўйса бўладиган 1945 йилги Берлин эмас."

Яқинроқ ўхшашлик 2003 йилги Ироқ. Ўшанда АҚШ етакчилигидаги армия Саддам Ҳусайн режимини ағдариб ташлаган эди. Ўшанда "де-баасификация" деб аталган жараён фалокат бўлди. Натижада юз минглаб давлат ишчилари, ҳарбий хизматчилар ишсиз қолди, натижада вайронкор исёнлар кўтарила бошлади.
Ўшанда хизмат қилган америкалик ветеранлар ҳозир исроиллик ҳамкасбларига Фалужа ва Мосулдаги тажрибалари ҳақида гапириб беряпти. "Умид қиламанки, улар исроилликларга ўз хатолари нимада бўлганини тушунтиришади", дейди доктор Милштейн.
"Масалан, ҳукмрон партияни йўқ қилиш ёки одамлар фикрини ўзгартириш ҳақида иллюзияга берилмаслик."
Фаластинликлар бунга қўшилади.
"Ҳамас оддий одамлар орасида илдиз отган ташкилот, - дейди Фаластин Миллий Ташаббуси президенти Мустафо Барғутий. - Улар Ҳамасни йўқ қилмоқчи бўлса, Ғазони этник жиҳатдан тозалашларига тўғри келади."
Исроил зимдан бутун ғазоликларни Мисрга қувиб чиқаришни кўзлаяпти деган ўй фаластинликларга тинчлик бермаяпти.
Асосан қочқинлардан иборат аҳоли - яъни Исроил ташкил топган вақтда Ғазога қочиб бориб, ўша ерда яшаб келаётганлар учун яна бир оммавий кўчиш 1948 йилги даҳшатли хотираларни уйғотади.
"Қочиш бир томонлама чипта дегани, - дейди Фаластин Озодлик ташкилотининг собиқ матбуот котиби Диана Бутту. - Қайтиш йўқ."
Исроиллик шарҳловчилар, жумладан, собиқ расмийлар фаластинликларни Ғазодан чиқариб, Синай яриморолига вақтинча жойлаштириш ҳақида гапирмоқда.
Исроил Миллий Хавфсизлик Кенгашининг собиқ раиси Гиора Эйланнинг айтишича, Исроилнинг Ғазода кўплаб тинч аҳолини ўлдирмай мақсадига эришишнинг ягона йўли, аҳолини эвакуация қилишдир.

Сурат манбаси, Shutterstock
"Улар чегара оша Мисрга кетишлари керак, вақтинча ёки доимийга, дейди у.
АҚШ президенти Жо Байденнинг 20 октябрь куни Конгрессдан Украина ва Исроил учун маблағ сўрагани фаластинликлар хавотирини янада зўрайтирди.
Унда шундай дейилган: "Ушбу инқироз аҳолининг трансчегаравий кўчишига ва минтақавий гуманитар эҳтиёжлар ошишига олиб келиши мумкин".
Шу кунгача Исроил фаластинликларнинг ҳудуддан чиқиб кетишини истаётганини айтгани йўқ. Исроил мудофаа кучлари (ИМК) тинч аҳолини фақат жанубдаги "хавфсиз ҳудудлар"га кўчиб ўтишга бир неча бор чақирди.
Аммо Миср президенти Абдел Фаттоҳ ас-Сиси Исроилнинг Ғазодаги уруши "тинч аҳолини Мисрга қочишга ундашга уриниш" бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Ҳаммаси тугагач, Ғазо секторида мабодо ғазоликлар қолса, уларни ким бошқаради?
"Бу миллион долларлик савол", дейди доктор Милштейн.
Исроил маҳаллий етакчилар, АҚШ, Миср ва эҳтимол Саудия Арабистони кўмагида янги маъмуриятни яратиши керак, дейди у.
Унга, шунингдек, 2006 йилги сайловларда ғалаба қозонганидан бир йил ўтиб, Ҳамас Ғазо секторидан мажбуран чиқариб юборган рақиб Фаластин фракцияси - Фатҳ етакчилари ҳам қўшилади.
Фатҳ гуруҳи ҳозир ишғол остидаги Ғарбий Соҳилдаги Рамаллоҳ шаҳрида жойлашган Фаластин маъмуриятини назорат қилади.
Аммо ФМ ва унинг кекса президенти Маҳмуд Аббос Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторидаги фаластинликлар орасида обрўсини йўқотган.
Диана Буттунинг айтишича, ФМ Ғазога қайтишни исташи мумкин, аммо бунинг учун у "Исроил танкилари орқаси келиши керак".
1990-йилларда ФМ учун қисқа муддат ишлаган фаластинлик фахрий сиёсатчи Ҳанан Ашравий, фаластинликлар ўз ҳаётларини қандай ташкил қилишга Исроил аралашувига яна тўсқинлик қилади.
"Буни шахмат тахтаси деб ўйлайдиган одамлар бир нечта пиёдани у томон, бу томонга юриб, охирида мот бўлишади", дейди у.
"Сиз бир нечта ҳамкорни топишингиз мумкин, - дейди у, - лекин ғазоликлар уларни хуш қаршиламайди."
Гарчи бу миқёсда бўлмаса-да, Ғазодаги урушлар билан илгари шуғулланганлар орасида чуқур хавотир ва деярли ҳамма нарсани илгари синаб кўрганмиз деган туйғу бор.
Моссаднинг собиқ зобити Ҳайм Томер гаровга олинганларни биринчи бўлиб озод қилиш учун ҳарбий амалиётларни бир ойга тўхтатиб қўйган бўлардим дейди.
2012 йилда Ғазо секторидаги олдинги жанглардан сўнг у яширин музокаралар ўтказиш учун Моссад директори билан Қоҳирага борган ва шу билан оташкесимга эришилганди.
Унинг айтишича, Ҳамас вакиллари "кўчанинг нариги томонида" турган ва Миср расмийлари у томондан бу томонга бўзчининг мокисидек қатнашган.
Шунга ўхшаш механизм яна қўлланилиши керак, дейди у, ва Исроил деярли катта нарх тўлаши мумкин.
"Ҳамаснинг бир неча минг аъзосини озод қилсак ҳам майди. Муҳими одамларимиз ватанига қайтсин".
Унинг айтишича, Исроил шундан кейин тўлиқ миқёсдаги ҳарбий амалиётларни давом эттириш ёки узоқ муддатли ўт очишни тўхтатиш бўйича қарор қабул қилиши мумкин.
Аммо бу ҳудудни Исроилдан умуман ажратиб, Ўрта ер денгизига суриб юбормаса, дейди у, Исроилнинг Ғазо сектори билан муаммоси туганмасдир.
"Томоққа тиқилган суяк каби."
Telegram kanalimiz: https://t.me/bbcuzbek
BBC.COM/UZBEK
Telegramda bog'lanish raqami +44 7858860002