Украина уруши: Уч йил деганда илк бор Украина ва Россия тўғридан-тўғри музокара қилди

Сурат манбаси, Dmytro Vlasov/BBC
Истанбул шаҳрида Украинадаги уруш масаласини муҳокама этиш мақсадида Украина ва Россия делегациялари уч йил деганда илк бор юзма-юз учрашдилар.
Улар таржимон орқали гаплашдилар.
Ёпиқ эшиклар ортида ўтган қарийб икки соатлик музокарадан кейин томонлар 1000 тадан асирни алмашишга келишдилар.
Музокарани очиш маросимида Туркия ҳам қатнашди.
Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳакан Фиданга кўра, ўт очишга имкони борича тез эришилиши муҳим, чунки ҳар куни борган сайин кўп инсон ҳаётдан кўз юмаяпти.
Томонлар расман бир-бирини тақдим этганидан кейин Туркия вакиллари музокара хонасидан чиқиб кетдилар, маросимни тўғридан-тўғри жонли эфирга узатаётган Туркия телевидениеси трансляцияси тўхтатилди.
Россия ва Украина расмийларининг ўзаро мулоқоти ёпиқ эшиклар ортида давом этди.
Украина делегациясига Мудофаа вазири, миллати Қрим Татар Рустам Умеров раҳбар.
Украина расмийлари ҳайъатга Президент Володимир Зеленский Украина номидан қарор қабул қилиш мандатини берган, бироқ Россия делегациясида бундай ваколат йўқлигини айтган.
"Россияда фақат бир одам - Путин қарор қабул қилади", дейди улар.
Рустам Умеров 2022 йил мартида Истанбулда Россия ва Украина музокараларида ҳам иштирок этган, у вақтда Украина парламенти аъзоси сифатида қатнашган.
Россия делегациясини худди 2022 йилдагидек Россия президентининг ёрдамчиси Владимир Мединский бошқараяпти.
Музокарачиларнинг суҳбати қарийб икки соатга чўзилгани "умидларни пайдо қилди", деб ёзди Би-би-си мухбири.
Сўнг Украина ҳайъати раҳбари Рустам Умеров журналистларга томонлар 1000 асирга 1000 асирни алмашишга келишганларини хабар қилди.
Россия делегацияси раҳбари Мединский асирлар алмашинишини тасдиқлади.
Бу алмашинув қачон бўлиши ҳозирча аниқ эмас.
Украина томони Украина ва Россия президентларининг юзма-юз учрашишини талаб қилган.
Мединский ушбу "сўров қабул қилингани"ни айтди.
Икки томон ўт очишни тўхтатишни қандай кўришини тақдим этади, ана ундан кейин музокаралар давом эттирилади, деди Россия ҳайъати раҳбари Мединский.
16 май куни Албания пойтахти Тиранада Европа сиёсий ҳамжамияти саммити бошланди, у ерда аксар Европа давлатлари раҳбарлари йиғилдилар.
Саммитда Украина Президенти Володимир Зеленский ҳам иштирок этди.
Саммитда муҳокама қилинган масалалардан бири Россияга нисбатан жазо чораларини янада кучайтириш бўлган.
10 май куни Киевга борган Британия Бош вазири Кир Стармер, Франция Президенти Эммануэл Макрон, Германиянинг янги канцлери Фридрих Мерц Россия олдига 30 кунга ўт очишни тўхтатиш талабини қўйишган, агар 12 майдан ўт очишни тўхтатмаса, Россияга нисбатан янги санкциялар жорий этилишидан огоҳлантирган эдилар.
Ўша тунда телевидение орқали мурожаат қилган Россия Президенти Владимир Путин 2022 йил тўхтаб қолган Россия-Украина музокараларини қайта бошлашга чақирган, лекин Россия ўт очишни тўхтатгани йўқ.
Музокаралар тугаганидан кейин ичкарида айтилган гаплардан айримлари ташқарига чиқди.
Хусусан, Economist нашри мухбири Оливер Кэрролл ўзининг Х даги саҳифасида ёзишича, музокара пайти Россия делегацияси раҳбари Владимир Мединский "биз қанча керак бўлса, шунча урушишга тайёрмиз", деб айтган.
"Биз урушни хоҳламаймиз, бироқ биз бир йил, икки уч, қанча керак бўлса, шунча урушишга тайёрмиз. Биз Швеция билан 21 йил урушганмиз. Сиз неча йил урушишга тайёрсиз? Эҳтимол, шу столда ўтирганлардан айримлари янада кўп қариндошлааридан айрилар. Россия абадий урушишга тайёр", деб айтган Владимир Мединский.
15 май. Трамп: мен ва Путин учрашмагунимизча, тинчлик музокараларида силжиш бўлмайди

Сурат манбаси, Reuters
15 май куни бутун дунёнинг нигоҳи Туркия Истанбулига қадалди. Бу ерда Россия-Украина уруши учун муҳим қарор қабул қилиниши кутилган эди. Украинанинг Европадаги иттифоқчилари ва АҚШ Президенти Доналд Трамп иштирокида Россиядан ўт очишни тўхтатиш талаб қилинган, бунга жавобан Россия Президенти 2022 йил тўхтаб қолган Туркия воситачилигидаги Украина-Россия музокараларини давом эттишга чақирган, ҳамма воқеалар қандай ривожланишини кутаётган эди.
Би-би-си мухбири Святослав Хоменко шундай ёзади:
Дўлмабоғча саройи дарвозолари олдида, айни қуёш жазирамаси остида дунёнинг турли мамлакатларидан юзлаб журналистлар тўпланган. Вазиятнинг ғалатилиги шундаки, улар нимани кутаётганлари номаълум.
Бугун эрталаб(15 май куни) ТАСС давлат ахборот агентлиги Украина ва Россия делегацияларининг ўртасидаги музокаралар мана шу ерда, Дўлмабоғчада соат 10 да бошланади деб хабар тарқатди.
Володимир Зеленскийнинг матбуот котиби Сергей Никифоров ушбу хабарни ўша заҳотиёқ Россиянинг навбатдаги фейки деди.
Сал кейинроқ Москва, Туркиянинг томонининг сўрови билан музокаралар куннинг иккинчи ярмига кўчирилиши ҳақида хабар қилди.
Бироқ Би-би-сининг Туркия Ташқи ишлар вазирлигидаги манбаси ушбу информацияни рад этди, ҳайъатларнинг учрашуви бирон аниқ вақтга режалангани йўқ, шу туфайли учрашув вақти кўчирилиши ҳақидаги савол кўтарилиши мумкин эмас.
Айни дақиқаларда вазият шундай кўринади: Истанбулга Россия делегацияси етиб келган.
Бу ҳайъат 2022 йилдаги Истанбул музокараларидаги Россия вакилларидан таркиб топган ва унинг раҳбари ўша Владимир Мединский.
Ушбу вазиятнинг икки муаммоси бор.
Биринчидан, Украина 2022 йилдаги музокараларни Москванинг Киевнинг таслим бўлишини муҳокама этиш ҳаракати деб кўради ҳамда Владимир Путин талқинида парафировация қилиб бўлинган ҳужжатга қайтишни буткул рад этади.
Украина вакилларига кўра, у ҳужжат ҳеч қандай аҳамияти йўқ ҳужжатлигича қолган.
Иккинчидан, Киевда Россия делегациянинг даражаси савол уйғотаяпти. Юмшоқ қилиб айтганда, бу ҳайъат аъзолари бирор бир жиддий қарор қабул қилиш ваколатига эга одамлар эмас.
Агар Володимир Зеленскийдан иқтибос қилинса, Москвадан келган элчиларнинг даражаси "бутафорча"(яъни, дўкон деразасига намойишга қўйиладиган товарнинг сохта нусхаси).
Шунинг учун украинларнинг бу одамлар билан жиддий мавзуда суҳбатлашишларидан маъни йўқ.
Ҳозир Володимир Зеленский ва унинг делегацияси аъзолари, шу жумладан, Украина Хавфсизлик хизмати раҳбари, Украина Қуролли Кучлари Бош штаби бошлиғи, Мудофаа ва Ташқи ишлар вазирлари Анқарага учиб келдилар, улар у ерда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан музокаралар ўтказишади.
Киев тарафидан Украина делегацияси аъзоларидан кимдир Истанбулга бориб Мединский ва унинг ҳамкасблари билан суҳбатлашишни мўлжаллаётгани ҳақида расмий баёнот бўлгани йўқ.
Айни пайтда биз Зеленский ҳар қайси дақиқада ўз жамоаси аъзоларидан кимнидир у ёққа мисол учун, техник музокараларга юбориши эҳтимолини буткул рад этолмаймиз.
Ҳар қандай ҳолатда ҳам соат тўртда Зеленский Анқарадаги Украина элчилигида матбуот анжумани ўтказади ва ўшанда биз бундан кейин у нима қилмоқчи экани, ва бугун 2022 йилдан кейинги Украина билан Россия вакаилларининг илк ҳеч қурса техник даражадаги суҳбати бўлиш-бўлмаслигини билиб оламиз.
Лекин шунда ёдда тутиш керакки, ҳозирги пайтда Украина билан Россия ўртасида мазмунли музокара олиб бориш учун заминга эга эмаслар.
Киев ҳар қандай музокараларга тайёр эканини айтади, лекин фақат Россия ҳар томонлама камида 30 кунлик оташкесимга рози бўлганидан кейин, дейди.

Сурат манбаси, .
Москва бунга рози эмас: ушбу 30 кун ичида Украина Қуролли кучлари куч тўплаб олади ва жанг майдонидаги ўзларининг аҳволини яхшилаб оладилар, бу эса Россиянинг фойдасига эмас, дейди.
Ўз навбатида Москва сулҳ музокаралари "Украина конфликтининг илк сабаблари" муҳокама этилганидан кейин бошланиши керак дейди, унгача эса уруш давом этаверади.
Киев эса "илк сабаблари муҳокамаси"ни ўзларини таслим бўлишга мажбур этиш ҳаракати деб ҳисоблайди ва Москванинг ушбу талабига кўнмаяпти.
Ушбу мавқеълар ўртасида ягона боғлиқликни ҳозирча топиб бўлмаяпти ва топиб бўладими ёки йўқми, номаълум. Кимдир ён босиши керак бўлади.
Киев хорижий раҳбарлар босимига, шу жумладан, Москвага яқин деб кўриладиган Туркия ёки Бразилия президентлари Владимир Путинни ён беришга босим қилишларига умид қилади.
Владимир Путин, ҳар доимгидек, "ҳаммани чув тушириб кетаман", деб ҳисоблайди.
Ва ниҳоят, Доналд Трамп қартаси қандай ўйналишини ҳеч ким билмайди.
У бир томондан ярашув тарафдори, иккинчи тарафдан, Украина билан Россия ўртасидаги ҳар қанақа кун тартибидаги музокаралар бўлишини хоҳлайди.
У кечадан олдинги куни шахсан Туркияга келиши эҳтимолини истисно этмади, кеча рад этди, бугун эса яна истисно этмади".
Тинчлик шартларини Трамп эмас, Путин белгилаяпти
Би-би-сининг АҚШ Давлат департаментидаги мухбири Пол Бейтманнинг фикрича, тинчлик шартларини Трамп эмас, айнан Путин белгилаётган кўринади.
Давлат котиби Марко Рубиога ҳамроҳлик қилаётган Америка делегацияси Туркияда бироз руҳан тушкун ҳолатда кўринади, дейди ўзи ҳам Рубиога ҳамроҳлик қилаётган журналистлар орасида бўлган мухбиримиз.
Туркиянинг Анталиясида НАТОга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирларининг йиғилиши олдиндан режалаштирилган эди.
Аммо асосий мавзу, албатта, Россия ва Украина ўртасидаги музокаралар ва уларнинг Истанбулда ўтказилиши масаласи бўлиб қолмоқда, деб ёзади мухбиримиз.
"Агар Трамп кўрсатмасига биноан Америка расмийларининг мақсади Путинни Туркияга келишга ундаш ёки турли воситалар билан чақириш бўлган бўлса, ҳозирча бу режа амалга ошмади.
Шу боис уларнинг Россия ва Украина ўртасидаги қуйи даражадаги музокараларга бўлган қизиқишлари ҳам суст кўринади.
НАТО Ташқи ишлар вазирлари учрашувини очишда Рубионинг нутқи ҳам жонсиз бўлди.
У, "қандай ривожланишини кузатамиз", деди ва "таклиф қилиниши мумкин бўлган механизмлар" ҳақида сўз юритди.
Унинг қарийб уч ҳафта аввал айтган таҳдидлари — агар Россия ва Украина томонидан ҳақиқий ютуқларга эришилмаса, АҚШ воситачиликдан чиқишини маълум қилган баёноти — эндиликда гўё унутилгандай...
Европаликлар эса Путинга босимни кучайтиришга ҳаракат қилмоқдалар — фақат Зеленский Туркияга келиб, тинчликка интилишини намоён этганини таъкидламоқдалар.
Аммо Вашингтон дастагисиз, бу каби ёндашувдан маъни йўқ – музокаралар жараёнини Трамп эмас, Путин назорат қилаётгани ҳақиқатга яқинроқ".
Трамп: мен ва Путин учрашмагунимизча, тинчлик музокараларида силжиш бўлмайди
Ўзининг Яқин Шарқ бўйлаб тўрт кунлик сафарининг учинчи кунида АҚШ Президенти Доналд Трамп Саудия Арабистони ва Қатардан кейин Бирлашган Араб амирликларига борди.
У билан бирга парвоз қилаётган Би-би-си мухбири Россия Украина билан музокарага юборган ҳайъатнинг даражаси пастлигига Трампнинг муносабати сўради.
"Биз Путин билан учрашмагунимизча ҳеч нарса бўлмайди", деди АҚШ Президенти Доналд Трамп.
Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков яқин кунларда Путин билан Трампнинг учраувига ҳеч қандай тайёргарлик бўлгани йўқ ва бу масала кўтарилгани йўқ.
Шу куни Анқарада Украина Президенти Володимир Зеленский Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан музокара ўтказди.
Шу куни Украина асли Ўзбекистоннинг Навоий вилоятида туғилган Нариман Жалилни Туркиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси этиб тайинлагани хабар қилинди.
Украинага қўшни Россиянинг Курск вилоятига қилинган Украина ҳужумида 39 ёшли Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлгани хабарини тарқатди Курск вилояти ҳокими.
12 май. Трампнинг талабидан сўнг Зеленский Путинни учрашувга чақирди - Путин Истанбулга борадими?

Сурат манбаси, EPA
Украина президенти Володимир Зеленский урушни тўхтатишни муҳокама қилиш учун Россия президенти Владимир Путин билан келаётган пайшанба куни Истанбулда шахсан учрашишга тайёрлигини маълум қилди.
Унинг X (собиқ Twitter)даги бу баёноти АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп Украина ва Россия ўртасида Туркияда тўғридан-тўғри музокаралар ўтказилишини талаб қилганидан сўнг пайдо бўлди.
"Ўлдиришларни чўзишдан маъно йўқ. Пайшанба куни Путинни Туркияда кутаман. Шахсан," — деб ёзди Зеленский.
У аввалроқ, Украина Россия билан музокараларга очиқ эканини айтган, аммо бу фақат оташкесим амалга кирганидан сўнг мумкинлигини таъкидлаган эди.
Ғарб давлатлари душанбадан бошлаб жангларни 30 кун тўхтатишга чақирди. Бу чақириқ Европанинг "истовчилар иттифоқи"га қўшилган етакчилари томонидан Киевда шанба куни ўтказилган учрашувда илгари сурилган.
Шундан кейин Путин Украина билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишни таклиф қилди.
Якшанба куни Доналд Трамп ижтимоий тармоқда Украина бу таклифга "дарҳол" рози бўлиши кераклигини билдириб, бу урушни тўхтатишнинг имкони бор-йўқлигини аниқлашга ёрдам беради, деб ёзди.
"Ҳеч бўлмаганда, келишув бўладими, йўқ, аниқ бўлади. Агар бўлмаса, Европа етакчилари ва АҚШ буни тушуниб, кейинги қадамларини белгилайди. Учрашувни ўтказинг, ҳозир!" — деди Трамп.
Bu Ukraina qurol va jangchilar to‘plab, jon holatda xandaqlarga kirib olishga debocha emas, balki uzoq muddatli, barqaror tinchlikka olib boruvchi birinchi qadam bo‘lardi.
Зеленский ўзининг X саҳифасидаги постида музокаралар олдидан Россиядан тўлиқ оташкесимни кутаётганини маълум қилди.
"Эртадан бошлаб тўлиқ ва барқарор оташкесимни кутяпмиз. Бу дипломатия учун зарур асос бўлади," — деди у.
Шанба кечаси Путин Украинага уруш бўйича "жиддий музокаралар" ўтказишни таклиф қилди. Россия томони урушни 2022 йилда кенг кўламли босқин билан бошлаган эди.
Путин "янги келишув"га эришиш эҳтимолини инкор қилмаслигини айтди, аммо 30 кунлик шартсиз оташкесим талаблари борасида очиқ фикр билдирмади.
Россия президенти "Бу Украина қуролли кучлари янги қурол ва жангчилар тўплагач, жон ҳолатда хандақларга кириб оладиган ва янги истеҳкомларга қуришига дебоча эмас, балки узоқ муддатли, барқарор тинчликка олиб борувчи биринчи қадам бўларди", деди.

Сурат манбаси, EPA
Москва аввалроқ Россия оташкесим эҳтимолларини кўриб чиқиши учун Ғарб Украинага ҳарбий ёрдамни тўхтатиши кераклигини айтган эди.
Шанба куни Зеленский Киевда Буюк Британия Бош вазири Кир Стармер, Франция президенти Эммануэл Макрон, Германия канцлери Фридрих Мерц ва Полша бош вазири Доналд Тускни қабул қилди. Улар кейинроқ Трамп билан ҳам режалар ҳақида гаплашишди.
Зеленский билан матбуот анжуманида қатнашган етакчилар: "Агар Путин 30 кунлик ҳавода, денгизда ва қуруқликда олиб борилаётган жангларни шартсиз тўхтатмаса, Россиянинг энергетика ва банк секторига нисбатан янги ва кучли санкциялар жорий қилинади", — деб огоҳлантирди.
Россия ва Украина охирги марта 2022 йил март ойида Истанбулда тўғридан-тўғри музокаралар ўтказган.
Орадан уч йилдан ортиқ вақт ўтгач, ҳар икки томон музокараларни қайта бошлашга розилик бергандек. Аммо музокаралар ва келишув — икки хил нарса. Ҳар икки тараф ҳамон ўзининг қатъий шартларидан қайтмаган кўринади.