Россия Қозоғистон ва Ўзбекистондан ҳам пастда, Украина ва Афғонистон-чи?

Сурат манбаси, rasmiy
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Халқаро Бахт куни муносабати билан янги йиллик ҳисоботи эълон қилинди.
Дунёнинг 150 га яқин давлатида яна одамлардан ўзларининг бугунги ҳаётларига баҳо беришлари сўралди, қанчалик бахтли эканликлари даражаси белгиланди.
Уларнинг орасида Ўзбекистон илова аксарият Марказий Осиё давлатлари, уч йилдирки, ўзаро уруш ичидаги Россия ва Украина, янги президенти икковлонга воситачилик қилишга уринаётган АҚШ, ҳалокатли янги ҳаво ҳужумлари ортидан Ғазода энди қуруқликдаги амалиётларини кенгайтираётган Исроил ва Толибон бошқаруви остидаги Афғонистон ҳам бор.
Янги ҳисобот ўзининг кутилмаган натижалари билан аллақачон гап бўлишга улгурди.
Дунёда ким энг бахтли?

Сурат манбаси, Getty Images
Бу гал ҳам Финландия дунёнинг энг бахтли давлати бўлиб чиқди.
Рейтингда кетма-кет саккизинчи бор ўзининг пешқадам мавқеини сақлаб қолди.
Дания ва Исландия юқори учликни тўлдирган бўлишса, Исроил 8-ўрин билан топ ўнталикдан жой олди.
Коста-Рика ва Мексика эса, ўз тарихларида илк бор дунёнинг энг бахтли давлатлари ўнталигига киришга муваффақ бўлишди, қандай қилиб, деган саволларга ҳам замин яратишди.
Америка Қўшма Штатлари 24-ўринга тушиб кетди, мазкур рейтингда шу пайтгача кўрилмаган энг ёмон натижасини қайд этди.
Дунёнинг энг йирик ҳарбий ва иқтисодий қудрати эмасми, Американинг бу каби натижаси ҳам янги ҳисобот манзарасида ўзига эътибор тортган, алоҳида урғу берилган нуқталардан бири бўлди.
Мусулмон давлатлари орасидан 21-ўрин билан Бирлашган Араб Амирликлари энг яхши натижани қайд этди.
Ундан кейинги ўринларни Ислом оламида Қувайт (30-ўрин) ва Саудия Арабистони (32-ўрин) эгаллашди.
Туркия 94-ўрин, Эрон эса, 99-ўринда келди.
Постсовет маконида-чи?

Сурат манбаси, AFP
Собиқ Совет давлатлари орасидан энг бахтлиси Литва бўлиб чиқди.
Литва янги ҳисоботда 150 га яқин давлат орасидан 16-ўринни эгаллади.
Ўзининг бу натижаси билан Америка Қўшма Штатлари, Буюк Британия, Германия, Канада ва Бирлашган Араб Амирликларини ҳам ортда қолдирди.
Эстония (39-ўрин) ва Латвия ҳам (51-ўрин) билан бу гал ҳам Россиядан анча ўзиб кетишди.
Россия дунёнинг энг бахтли давлатлари рейтингида бу гал 66-ўринни эгаллади.
Олти поғона юқорилаган эса-да, унинг янги ҳисоботда ҳам яна ҳатто Қозоғистон ва Ўзбекистондан анча кейинда экани кўрилди.
Яқин иттифоқчиси Хитой Россиядан икки поғона паст ўриндан жой олди.
Озарбайжон 106-ўрин билан қатор Африка давлатларидан ҳам бахтсизроқ бўлиб чиқди.
Украинадан бор-йўғи 4 поғона юқори келди.
Уч йилдирки, Россияга қарши урушаётган Украинанинг ўзи эса, бахтлилик бобида дунёнинг 150 га яқин давлати орасидан бор-йўғи 111-ўринни эгаллади.
Постсовет маконида энг ёмон натижа қайд этган давлатга айланди.
Арманистоннинг натижаси Озарбайжонникидан 20 поғонача яхшироқ бўлди.
Беларуснинг қанчалик бахтли ёки бахтсиз экани маълум эмас, унинг рўйхатга тушмаган постсовет давлатларидан бири экани кўрилди.
Минтақадаги бахтли ва бахтсизлар

Янги ҳисоботда бахтиёрлик бобида Қозоғистон пешқадам мавқеъни эгаллади, 43-ўриндан жой олди, ўтган йилгиси билан қиёсланганда, ўзининг натижасини 6 поғона яхшилади.
Хитой бўладими, Япония ёки Жанубий Корея – бахтиёрлик бобида Осиёнинг манаман деган давлатларини ҳам ортда қолдирди.
Ўзбекистон эса, бу гал 53-ўрин билан минтақадаги энг бахтиёр иккита давлатдан биттаси бўлиб чиқди.
Унинг янги ҳисоботда олти поғона пастлагани аллақачон Ўзбекистондаги айрим етакчи маҳаллий нашрларнинг эътиборини ўзига тортиб ҳам улгурди.
Худди шу манзарада Ўзбекистон ўтган йилги рейтингда ўз мавқеини етти поғона яхшилаб, 47-ўрин билан МДҲ давлатлари орасида энг юқори натижа қайд этгани ҳам эслатилди.
Қирғизистоннинг ўрни (75) ўзгаришсиз қолган бўлса, Тожикистонники (90) икки поғона ёмонлашгани кўрилди.
Туркманистон эса, рўйхатда йўқ.
Марказий Осиёга чегарадош Афғонистон 147-ўрин билан дунёнинг энг бахтсиз давлати, деб топилди.
Аксарияти Африка давлатларидан иборат энг бахтсиз давлатлар бешлигида энг қуйи ўринни эгаллади.
Афғонистон, уч йилдирки, Толибон назорати остида, унинг муваққат ҳукумати эса, ҳали-ҳануз дунёнинг бирор бир давлати томонидан расман тан олинмаган.
Афғонистоннинг бу натижасига уларнинг муносабати ҳозирча кўзга ташланмайди.
Қолган аксар аҳолиси мусулмон ёки исломий давлатлар орасидан фақат Яман энг бахтсиз давлатлар ўнталигига кирган, бирор бир постсовет мамлакати эса, бу қадар ёмон натижа қайд этмаган.
Янги ҳисобот ва хулосалар
Tadqiqot natijalari baxtning ildizi ishonch, mehr va ijtimoiy aloqalarda ekanligini yana bir bor tasdiqladi.
Оксфорд университетининг Фаровонлик тадқиқот маркази томонидан эълон қилинган тадқиқотда одамлардан ҳаётларининг яхши-ёмонлигини 0 дан 10 гача бўлган шкалада баҳолашлари сўралган.
Рейтингни белгилашда ижтимоий қўллов, аҳоли жон бошига ҳисобланган ялпи ички маҳсулот ҳажми, соғлом умр кўриш давомийлиги, эркинлик, сахийлик, коррупция ҳақида тасаввурлар, ижобий ва салбий ҳис-туйғулар ҳам инобатга олинган.
БМТ Барқарор ривожланиш ечимларини излаш тармоғи президенти Жеффри Д.Сакснинг айтишича, тадқиқот натижалари "бахтнинг илдизи ишонч, меҳр ва ижтимоий алоқаларда" эканлигини яна бир бор тасдиқлаган.
"Ушбу ҳаётий ҳақиқатни ижобий амалларга айлантириш, шу орқали бутун дунё бўйлаб жамиятларда тинчлик, маданият ва фаровонликни мустаҳкамлаш биз, яхши фазилатли инсонлар ва фуқароларга боғлиқ", деди у.