Эрдўған конституцияни ўзгартирмоқчи. Ўзи яна президент бўлиши учунми?

Сурат манбаси, Reuters
Ражаб Тоййиб Эрдўған уч йилдан кейин муддати тугаганида яна ўз номзодлигини илгари сура олиши учун конституцияни ўзгартиришга ҳаракат қилаётганини рад этти.
Эрдўған Туркияни 22 йилдан бери бошқаради – 2003 йилдан бош вазир бўлиб, 2014 йилдан бери эса президент бўлиб. Лекин, қоидалар ўзгармагунча ёки барвақт сайловлар чақирилмагунча, у бошқа ўз номзодини қўя олмайди.
«Биз ўзимиз учун эмас, юртимиз учун янги конституцияни истаяпмиз. Менда қайта сайланиш ёки яна номзодимни қўйиш нияти йўқ», - деди у пайшанба куни журналистларга.
Аммо, Эрдўғаннинг яқинда қилган баёнотлари ва ишлари у 2028 йилда муддати тугагач, яна номзодлигини қўйишга интилаётгани ҳақида миш-мишларни урчитган.
Январ ойида бир қўшиқчи ундан яна президентлик учун беллашиши ё йўқлиги ҳақида сўраганида, Эрдўған: "Сен қилсанг, ҳа", дея жавоб берди. Эртасига эса унинг партияси воизи бу масала кун тартибида эканини айтти: «Муҳими шуки, миллатимиз шуни истайди».
Bu kabi tez o‘zgarayotgan zamonda, davlat to‘ntarilishi shartlari asosida yozilgan konstitutsiya bilan yashab bo‘ladimi?
Кўплаб турклар Эрдўған президент бўлиб қолишига хайрихоҳ бўлсалар-да, оммавий фикр сўровларида у март ойида ҳибсга олиниб қамоқда сақланаётган Истанбул ҳокими Акрам Имомўғлидан ортда қоляпти.
Имомўғлининг коррупцияда айбланиб қўлга олинишини унинг тарафдорлари сиёсий чора деб кўришади ва бу Туркияда охирги 10 йил ичидаги энг йирик намойишларга сабаб бўлди. Имомўғли барча айбларни рад қилган.
У Истанбул ғарбидаги Силиври турмасига ташланганидан бери унга бўлган дастак ошгани оммавий фикр сўровларида намоён бўлмоқда.
Ҳукумат унинг Х платформасидаги саҳифасини Туркия ичида блоклашга муваффақ бўлди ва унинг ҳокимликдаги тарафдорларини нишонга олишда давом этмоқда. Охирги кунларда камида 18 ходим коррупцияда айбланиб ҳибсга олинди.
Имомўғлининг ҳибси халқаро саҳнада кенг танқид қилинган бўлса ҳам, Президент Эрдўған яккалаб қўйилмади, чунки Ғарбдаги иттифоқчилари уни муҳим НАТО иттифоқчиси деб кўрадилар.
Чоршанба куни журналистларга гапирганида, Эрдўған Туркиянинг конституцияси асосан 1980 йилги ҳарбий давлат тўнтарилиши арафасида ёзилгани учун фуқароларнинг манфаатларини акс эттирмаслигини айтти. Аммо, ундан бери Конституция ўзгартирилган.
"Бу каби тез ўзгараётган замонда, давлат тўнтарилиши шартлари асосида ёзилган конституция билан яшаб бўладими», - дея савол қўйди у.
Амалдаги конституцияга биноан, фуқаро фақат 2 марта 5 йиллик муддатга президентликка сайланиши мумкин. Эрдўған аллдақачон учинчи муддатни ўтаяпти, лекин унинг даъво қилишича, ўзининг биринчи муддати Туркия парламент бошқарувидан президент бошқарувига ўтишидан аввал ўталганди.
У 2017 йилда ўтказган конституцион референдумда Эрдўғанга кенг президентлик ваколатлари берилганди, аммо фақат икки муддатга.