Ўзбекистон: Бу йилги гилос энг қиммати, S&Pнинг кейинги баҳоси ислоҳотларга боғлиқ бўлади

Сурат манбаси, BBC O'zbek
Мева-сабзавотчиликка бағишланган нуфузли East Fruit нашри таҳлилига кўра, бу Ўзбекистонда гилос олдинги йилларга солиштирганда эрта пишди, лекин Ўзбек гилосига жаҳон бозорида талаб ортиб бораётгани туфайли ички бозорда гилос нархи икки баравардан ҳам зиёдга қимматлади.
Бу йилги гилос мавсуми охирги беш йилга солиштирганда бир ҳафта барвақт бошланди, деб ёзади East Fruit.
Олдинги йилларда солиштирганда гилос улгуржи нархи камида 70 фоиз баланд: 1 кило гилос 17000 сўмдан баҳоланган, бу 1,32 АҚШ доллари деганидир.
East Fruit май ойи охирида бозорларга чиқадиган илк Ўзбекистон гилосларининг 2021, 2023 йиллардаги нархлари 8000, 10000 сўм бўлганини эслатади.
East Fruit бу йилги гилос ҳосили ҳам ўтган йиллардагидек бўлиши кутилмоқда, бироқ Ўзбекистон гилосларига хорижда талаб ўта юқори, дейди.
Айниқса, Россия ва Беларус импортчиларидан бўлган талаб ҳар доимгидан ҳам баланд.
Ҳам бу йил Сербия компаниялари Ўзбекистон меваларига қизиқиш билдиришган, 19 майда Серб импортчилари Тошкентга ташриф буюриб, гилос ва ўрик харидига қизиқиш билдиришган.
East Fruit 2025 йил апрели ва майида шарқий ва марказий Европада кузатилган аёз туфайли меваларни совуқ урганини эслатади.
Бу Ўзбекистон меваларига эҳтиёжни оширган.
Беш йил олдин британиялик тужжорлар Ўзбекистон гилосига қизиқиш билдиришган, Намангандан эксперимент сифатида гилос олиб келиб Лондон бозорларида савдоси қандай бўлишини ўрганган эдилар.
Аммо шундан кейин Британияга Ўзбекистон гилоси импорти мунтазам бўлмади.
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 1
Автомобиллар қимматлашиши сабаби импорт тартибга солиниши ва қатъийлаштирилиши
Ўзбекистон Марказий Банки мамлакатда янги автомобиллар нега қимматлашгани сабабини таҳлил қилди.
Марказий Банкка кўра, 2025 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга автоимпорт 3,2 баравар камайган.
Бу ички бозорда таклифни чеклаб, нархларни оширган.
Ҳукумат Ўзбекистонга электромобилларни олиб киришни тартибга солиш ва қатъийлаштиришга қарор қилган, бу импорт камайишига олиб келган.
Мамлакатда янги, кафолатли ва сифатли автомобилларга талаб ортиб бораяпти.
Талаб таклифдан юқори бўлгани учун нархлар ўсишига олиб келмоқда.
Хомашё, энергия ва логистика харажатларининг ўсиши ҳам автомобиллар таннархини оширган.
Айни пайтда иккиламчи бозорда нархлар пасайиши кузатилган.
Эски машиналар арзонлашгани сабабли, одамлар янги автомобилларга кўпроқ қизиқиш билдираяптилар.
Бу ҳам янги машиналарга талабни ошириб, нархларни кўтармоқда.
Нархларни либераллаштириш пухта ўйлаб кўрилганми?
Айни мақолада Google YouTube томонидан тақдим қилинган контент мавжуд. Биз бу контент юкланмасидан аввал сизнинг розилигингизни сўраймиз, чунки улар куки ва бошқа технологиялардан фойдаланган бўлиши мумкин. Сиз Google YouTube ҳаволасида кукиларга доир ва шахсий маълумотларга оид қоидалар ҳақида аввал ўқиб, кейин қабул қилишга рози бўлишингиз мумкин. Кўриш учун “қабул қилиш ва давом этиш”ни танланг.
Охири YouTube пост, 2
Ўзбекистон узоқ кутилган энергетика ресурслари нархларини либераллаштириш сиёсатини бошлагани занжир эффектини келтириб чиқариши ҳам кутилганди.
Электр, бензин ёки дизел ёқилғиси ва газ нархлари оширилиши транспорт харажатларини ҳам кўтариши, бу янада қимматчиликка етаклаши аён.
Лекин қимматчилик зарбасини юмшатиш амаллари чуқур ўйлаб кўриб таҳлил қилинганми, деган савол пайдо бўлаяпти.
Таниқли иқтисодий таҳлилчи bakiroo Ўзбекистонда сув ва сувоқова тарифлари оширилганига эътибор қаратди.
"Энергия ва ёқилғи тарифларининг кескин ошиши, монополистик темир йўл ва олигархияга товонга айланган авиачипта нархлари, уяли алоқа хизматлари ва ҳатто тўлов тизими комиссияларининг осмонга ўрлаши ортидан "ошди-ошди" эстафетасини Ўзбекистон ҳудудлари бўйлаб совуқ сув ва оқова тарифларининг навбатдаги қимматлашиши давом эттирмоқда", деб ёзди Отабек Бакиров.
"Демак, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларида сув ва оқова нархи аллақачон қимматлаб бўлган. Самарқандда аҳоли учун сувнинг кубаси 2 800 сўмга (+12,0%), оқова сув эса 1 900 сўмгача (+18,75%) кўтарилган. Қашқадарёда сув кубаси 3 500 сўмгача (+40%), оқова тарифи 3 000 сўмгача (2 каррага) қимматлаган.
Ҳозирча энг инсофли ошириш қарори Андижон вилоятида қабул қилинган. Вилоятда сув ва оқова тарифлари атига 10%га, 1 650 сўмгача кўтарилган.
Энг кам даромадли Сурхондарёда эса сув тарифлари 71%гача, оқова тарифлари эса 66%га ошган. Энди жанубий вилоятимизда сув 5 300 сўмдан, оқова 2 900 сўмдан тарифланади. Бу ошишдан кейин Сурхондарё энди Ўзбекистонда сув энг қиммат ҳудудга айланди", деб ёзди ўзининг Telegram каналида bakiroo.
Иқтисодий таҳлилчи бутун Ўзбекистон бўйлаб сув ва оқова учун ягона нарх жорий этиш режа қилинганини эслатади, унинг фикрича, ҳозирги вазият республика бўйича "кучайиб бораётган ҳудудий тенгсизлик картинасини яққол намоён" этаяпти.
Кейинги S&P баҳоси ислоҳотларга боғлиқ бўлади
S&P Global Ratings агентлиги Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги прогнозини "барқарор"дан "ижобий"га кўтарди.
Бу ўзгариш Ўзбекистондаги иқтисодий ва бошқарув ислоҳотларининг давом этиши, шунингдек, молиявий барқарорликка эришиш бўйича ҳаракатларга боғлиқдир.
"Позитив прогноз шуни англатадики, биз ҳукуматдан иқтисодий ва бошқарув ислоҳотларини давом эттиришини, айни пайтда фискал консолидация чораларини илгари суришини кутиб қоламиз", дейилади S&Pнинг ўз қарори борасида берган шарҳида.
Ўзбекистон рейтингини қайта кўриб чиқишга "Ўзбекистонга экспорт ва фискал тушумларни қўллаб-қувватлаётган олтин нархининг баландлиги" таъсир кўрсатгани хабар қилинди.
S&P Global Ratings га кўра, мамлакат рейтингининг келажаги "электроэнергия тарифлари ислоҳотини давом эттириш ва давлат ташкилотлари устидан назоратни яхшилашга, шунингдек, иқтисодий кўрсаткичлар ёмонлашмаслигига олиб келадиган бюджет дефицити ва жорий ҳисоб"га боғлиқ бўлиб қолади.
S&P Global Ratings нинг қарорида ушбу жиҳатлар эътиборга олинган:
Иқтисодий ўсиш: S&P 2025–2028 йилларда Ўзбекистонда реал ЯИМ ўсиши ўртача 5.6% бўлади деб кутмоқда. Бу ўсиш ахборот технологиялари, қурилиш ва савдо соҳалари ҳисобига таъминланади.
Инвестициялар ва давлат қарзи: Ўзбекистонда инвестициялар ЯИМнинг 33% ини ташкил этмоқда — бу жаҳондаги энг юқори кўрсаткичлардан бири. Давлатнинг "Ўзбекистон – 2030" стратегияси доирасида инвестициялар асосан энергетика, транспорт, телекоммуникация, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларига йўналтирилган.
4. Энергетика ислоҳотлари: 2023 йил октябридан бошлаб Ўзбекистон ҳукумати электр ва газ тарифларини оширишни бошлади. Бу 2027 йилгача энергия нархларини бозор нархларига мослаштиришни кўзда тутади.
5. Молиявий барқарорлик: Олтин нархларининг юқори бўлиши, субсидияларни қисқартириш ва номинал ЯИМ ўсиши давлат бюджети тақчиллигини 2025–2028 йилларда ўртача ЯИМнинг 3%игача камайтиришга ёрдам беради. 2023 йилда бу кўрсаткич 4.9% ташкил этгани хабар қилинган.
6. Давлат қарзи: 2028 йилга бориб Ўзбекистоннинг давлат қарзи ЯИМнинг 40%ига етади деб кутилади. Бу 2023 йилда жорий этилган 60%лик қонуний чегарадан паст ҳисобланади. Бироқ давлатга боғлиқ ташкилотлар (GREs) қарзи хавф туғдириши мумкин.
7. Хусусий-давлат шерикликлари (PPP): PPP лойиҳалари ҳажми ЯИМнинг 27%ини ташкил этмоқда. Янги ҳуқуқий база бу соҳадаги хавфларни камайтиришни мақсад қилган.
21 май. Украина урушидаги марказий осиёликлар, Ўзбекистонда ошаётган гўшт нархи ва АҚШга визани енгиллаштириш ҳаракати

Сурат манбаси, Reuters
Россия паспортини олгач, фронта юборилган
Россия тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрыкиннинг айтишича, Россиянинг Украинадаги уруши фронт чизиғида 20 минг Россия фуқаролигини олган аскарлар жанг қилмоқда. Бу ҳақида ТАСС хабар қилмоқда.
«Бизнинг ҳарбий тергов бошқармамиз рейдлар ўтказяпти. Биз аллақачон бундай Россия фуқароларининг 80 минг нафарини қўлга туширдик. Улар фронт чизиғи у ёқда турсин, ҳатто военкоматга боришни исташмайди. 80 мингтасини қўлга олиб ҳарбий рўйхатга қўйдик, ва негадир Ўзбекистонда, Тожикистонда ё Қирғизистонда яшаш ёқмайдиган 20 минг «ёш» Россия фуқароларини аллақачон фронт чизиғига ташладик», - деди у.
Negadir O‘zbekistonda, Tojikistonda yo Qirg‘izistonda yashashni yoqtirmaydigan 20 ming «yosh» Rossiya fuqarolarini allaqachon front chizig‘iga tashladik.
Шунингдек, унга кўра, Россиядан чиқариб юборилган кўплаб мигрантлар ўз юртларида жиноятларни содир этишмоқда.
«Биз мигрантларни кўпроқ чиқара бошлаганимиздан кейин, уларнинг ўз ватанларида жиноят ўсиб кетган. Бу нимадан дарак беради? Бизга жиноятчилар келади. Биз жиноий қайдлаш механизмларини ишга соламиз, уларни тезроқ қўлга олишлари учун», - деди Бастрыкин.
Россияга киришдаги янги талаб
Айни дамда, Asia-Plus хабарига кўра, 30 июндан Россияга боришни режалаётган хорижий фуқаролар учун янги талаб киритилади. Унга кўра, Россияга киришдан камида 72 соат аввал у ерда бўлиш ё яшаш мақсадлари ҳақида махсус аризани топшириш керак.
Янги қоида Россия ҳукуматининг 2024 йил 7 ноябрида қабул қилган фармонига мувофиқ татбиқ этилмоқда.
Бу ҳақида ўз фуқароларига эслатган Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлигига кўра, сафар қилувчи шахс фавқулодда тиббий муолажа, оғир касаллик ёки яқин қариндошининг ўлими ҳолатида бу аризани сафардан камида 4 соат олдин топшириши мумкин.
Янги қоидалар Россияга кириш ва ундан чиқиш шартлари бўйича янги синовлар доирасида амалга оширилмоқда.
Уларнинг 2024 йил 1 декабрь ва жорий йил 30 июнигача давом этадиган илк босқичида Шереметьево, Домодедово, Внуково ва Жуковский аэропортлари, ҳамда Маштаково (Оренбург вилояти) автомобиль ўтиш пунктида хорижий фуқароларнинг биометрик шахсий маълумотлари йиғила бошланган.
АҚШ визаси бўйича музокаралар
Ўзбекистон президенти топшириғига биноан, Ташқи ишлар вазирлиги АҚШ фуқароларининг Ўзбекистонга 30 кунга визасиз кириш ва ўзбекистонликлар учун АҚШ визасини олиш талабларини енгиллаштириш бўйича музокараларни бошлайди.
Бу топшириқ Ўзбекистонга сайёҳлар оқимини кўпайтириш ва туристик хизматларни кенгайтириш бўйича президент фармони доирасида қилинган.
Бу ҳужжатга биноан, 1 июндан бошлаб Баҳрайн, Қувайт ва Умон фуқаролари Ўзбекистон ҳудудида 30 кун визасиз бўла оладилар.

Сурат манбаси, Reuters
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасига маҳаллий ҳокимларни Европа Иттифоқи, Россия, Хитой, Япония, Корея, Индонезия, Малайзия ва Кўрфаз араб давлатларидан хорижий туристларни кўпайтириш мақсадида тегишли ҳудудларга бириктириш топширилди.
Ўзбек таомлари ресторанлари
Айни фармонга биноан, чет давлатларда ўзбек миллий таомлари ресторани очишни истаган маҳаллий тадбиркорларга харажатнинг бир қисми қоплаб берилади.
Ҳужжатда айтилишича, хорижий давлатларда маҳаллий тадбиркорлар томонидан ҳар йили 50 та ўзбек миллий таомларига ихтисослаштирилган умумий овқатланиш корхоналари ва ресторанлар ташкил этилганда уларнинг маълум харажатлари Туризм қўмитаси томонидан субсидияланади.
Яъни фаолиятини йўлга қўйиш учун рўйхатдан ўтиш ёки рухсатнома олиш, ижара, дизайн, зарур ускуна ва анжомлар сотиб олиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, бироқ 25 минг доллардан ошмаган миқдорида бир марталик субсидия ажратилади.
Таомлар тайёрлаш учун бир йилда 300 килограмм маҳсулотни Ўзбекистондан етказиб бериш бўйича транспорт харажатларининг 50 фоизи, бироқ битта тадбиркорлик субъекти учун 100 миллион сўмгача миқдорида субсидияланади. Бунда ушбу мақсадлар учун ҳар йили 30 миллиард сўм ажратилади.
Гўшт нархи нега ўсмоқда?
Иқтисодчи Отабек Бакиров ўз Телеграм каналида ёзишича, Марказий банк шарҳида охирги ойларда юқори суръатда қимматлашишда давом этаётган гўшт нархи масаласига тўхталинган. Регуляторга кўра, қўшни мамлакатлардаги гўшт экспортига қўйилган чекловлар натижасида гўшт таклифининг камайиши, шунингдек, импорт нархларининг ошгани ички нархларнинг ҳам ўзгаришига сабаб бўлган.
O‘zbekistonda go‘sht va sut yetishtirishning tub muammolari qishloq xo‘jaligida yer va davlat xaridiga oid eskirgan qoidalarni isloh qilish orqaligina yechilishi tushunilishi kerak
"Қозоғистон ва Қирғизистон томонининг қорамол ва майда чорва экспортига оид киритган тақиқлари ҳақида аввал ҳам ёзган эдик. Шунга қарамай, гўшт импорти йил-йил кесимида ҳам, ой-ой кесимида ҳам ортишда давом этмоқда", - деб ёзади Бакиров.
Унинг ёзишича, муаммо илдизи ташқи эмас, ички нотўғри бошқарувдадир.
"Инобатга олиш лозимки, гўшт нархи бир кунда ошиб қолмагани сингари, бир кунда барқарорлашиб қолмайди. Ўзбекистонда гўшт ва сут етиштиришнинг туб муаммолари бир марталик сеҳрли қарорлар билан ҳал бўлмаслиги, сегмент серхаражат, сермеҳнат ва иқтисодий самарадорлиги паст бўлган натурал хўжаликларга боғлиқ бўлиб қолаётганлиги, охирги саккиз йилда айнан натурал хўжаликлар имтиёзли кредитлар ажратилгани ва бу бозорда спекулятив ва тескари натижаларга олиб келгани, гўшт (сут ҳам) ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва таннархни пасайтириш саноат усулида ишлайдиган йирик хўжаликлар воситасидагина имконли бўлиши ва албатта, қишлоқ хўжалигида ер ва давлат харидига оид эскирган қоидаларни ислоҳ қилиш орқалигина ечилиши тушунилиши керак", - деб ёзади иқтисодчи.