Ҳиндистон: асрлик мусулмон мулклари ва Исломий Вақф қандай хавф остига тушмоқда?

вақф

Сурат манбаси, Getty Images

  • Author, Нияз Фаруқ
  • Role, BBC News

Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди ҳукумати илгари сураётган янги қонун лойиҳаси асрлар давомида ҳинд мусулмонлари томонидан вақф қилинган мулкларга эътибор қаратди.

Вақф кўплаб мусулмон мамлакатларда анъана бўлиб, бу мулклардан мактаблар, етимхоналар, шифохоналар, банклар ва қабристонлар учун фойдаланилади.

Ҳиндистондаги вақф мулклари турли штат ҳукуматлари томонидан ташкил этилган вақф кенгашлари томонидан бошқарилади. Уларнинг фаолиятини Марказий Вақф Кенгаши деб аталадиган федерал ташкилот мувофиқлаштиради.

Бироқ, миллиардлаб рупий қийматига эга бўлган минглаб ер участкалари ўнлаб йиллар давомида бутун мамлакат бўйлаб суд низолари гирдобида қолиб кетган.

Алоқадор мавзулар:

Масалан, Ҳиндистон пойтахти Деҳлида масжидлар, қабристонлар ва мақбараларни ўз ичига олган мингдан ортиқ вақф мулки. Шаҳарнинг кўп асрлик исломий мероси рамзи бўлган бу ерлар диний, маърифий ва хайрия мақсадларида фойдаланилган. Уларнинг камида 123 таси шаҳар вақф бошқармаси ва федерал ҳукумат ўртасидаги узоқ муддатли низолар ичида қолган.

Улар бутун Ҳиндистон бўйлаб вақф кенгашлари томонидан хусусий шахслар – мусулмонлар ва мусулмон бўлмаганлар, шунингдек, ҳукумат идораларига қарши олиб борилган минглаб шундай ишларнинг фақат бир қисми, холос. Бу федерал ҳукумат ҳал қилмоқчи бўлган муаммолардан бири бўлиб, "Вақфларни ўзгартириш тўғрисидаги қонун" орқали ечилиши кутилмоқда.

Кўплаб мусулмон етакчилари ва мухолифат партиялари қонунни танқид қилиб, уни озчиликлар ҳуқуқларини заифлаштиришга уриниш деб баҳоламоқда ва бу баъзи штатларда норозилик ва зўравонликларни келтириб чиқарди. Ҳиндистон Олий суди ҳам қонунга қарши қилинган бир қатор мурожаатларни кўриб чиқишни бошлади.

Вақф низолари бир қатор сабаблар – ерларнинг ноаниқ ҳуқуқий мақоми, мулкларнинг оғзаки равишда вақф сифатида эълон қилингани, қонунларнинг номувофиқлиги, ер мафиялари билан тил бириктириш ва кўп йиллик расмий эътиборсизликдан келиб чиқмоқда.

Ҳукумат маълумотларига кўра, Ҳиндистондаги 872 852 вақф мулкидан камида 13 200 таси суд жараёнларига аралашиб қолган, 58 889 тасига ғайриқонуний равишда эгалик қилинган ва 436 000 дан ортиғининг мақоми ноаниқ.

Вақф мулки ҳатто Британия ҳукмронлиги даврида ҳам баҳсларга сабаб бўлган

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Вақф мулки ҳатто Британия ҳукмронлиги даврида ҳам баҳсларга сабаб бўлган

Ушбу даъволарнинг баъзилари бутун мамлакат эътиборини тортди. Масалан, турли штатлардаги вақф кенгашлари Кералада асосан насронийлар яшайдиган қишлоққа, Гужаратдаги бир нечта давлат биноларига ва Карнатакадаги фермерлар фойдаланадиган катта ер майдонига нотўғри эгалик қилишда айбланмоқда.

Федерал ҳукумат таъкидлашича, вақф кенгашлари Ҳиндистон бўйлаб 5973 та давлат мулкига эгалик даъво қилган. Бу иддаони вақф кенгашлари рад этмоқда, улар бу мулкларнинг қонуний эгалари эканликларини айтишмоқда.

Баъзи низолар 1947 йилда Ҳиндистоннинг бўлиниши билан боғлиқ. Панжобда штатнинг 75 965 та вақф мулкининг ярмидан кўпи "босиб олинган", бу кўплаб мусулмон мулклари мақомини ноаниқ қолдирган миграция сабаблидир. "Баъзи мулкдорлар Покистонга қочиб кетишди, бошқалари эса қайтиб келиб, худди шу мулкларни талаб қила бошлади," дейди Калкуттадаги университетда дарс берувчи Муҳаммад Риёз.

Getty Images
Yangi qonundagi bu o‘zgarish o‘n minglab vaqf mulklariga ta’sir ko‘rsatishi mumkin. Juda oz mulklar vaqf aktivlari bo‘lib qoladi, qolganlari esa yo‘q bo‘lib ketishi mumkin.
Said Zafar Mahmud
Sobiq amaldor (Batafsil: bbc.com/uzbek)

Деҳлида 123 та низоли мулкка федерал шаҳар ва уй-жой вазирлигига қарашли бўлимлар даъво қилмоқда, вақф эса бу мулкларга эгалик ҳуқуқи Британия даврига ва ундан ҳам олдинги даврларга бориб тақалишини таъкидламоқда. Ҳукумат ва судларнинг муаммони ҳал қилиш бўйича уринишлари ҳозирга қадар муваффақиятсиз бўлди.

1923 йилдаёқ Британия ҳукмронлиги остида Ҳиндистондаги қонун чиқарувчилар вақф мулклари мусулмонлар назоратидан чиқиб кетишидан хавотирда эди. Ўшанда депутатлар мулкка қарайдиган бошқарувчилар ўзларини мулкдор сифатида нотўғри рўйхатдан ўтказаётгани ҳақида огоҳлантирган эди. Бу амалиёт бугунги кунда ҳам давом этмоқда, деб таъкидлайди танқидчилар.

Профессор Риёзнинг айтишича, ер нархи ошгани сари бундай низолар кўпайган.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

"Бундан 40-50 йил олдин ҳар бир қарич ерга эътибор берадиганлар кўп эмас эди, лекин унинг аҳамияти ошгани сайин жамоа аъзолари ёки эҳсон қилувчиларнинг авлодлари вақф ерларига даъвогарлик қила бошлади. Натижада одамлар неча авлоддан бери яшаб келган жойларида жанжаллар чиқди. Бу ерларни сотиб олган ёки ғайриқонуний эгаллаб олган кишилар билан низо юзага келди," дейди у.

Вақф идоралари узоқ вақтдан бери қаровсиз бўлган ерларни тўсатдан эгаллашга уринишлари ҳам низоларга сабаб бўлмоқда. Шундай қилиб, улар асли давлат ташкилотлари бўлишига қарамай, мулкка даъво қилишда чекланмаган ваколатлари учун танқид қилинмоқда.

Хавотирнинг бир қисми ОАВ ва сиёсатчиларнинг вақф низоларини кўриб чиқадиган ихтисослашган суд – вақф трибунали қарори якуний эканлигини қайта-қайта таъкидлашлари билан боғлиқ, дейди вақф билан боғлиқ бир қанча ишларда иштирок этган Ҳайдарободлик ҳуқуқшунос Моҳд Исмоил Хон. Аммо у якуний қарорни юқори турадиган судлар чиқаришини таъкидлайди.

Янги қонун кўплаб штатларда норозилик келтириб чиқарди

Сурат манбаси, Getty Images

Сурат тагсўзи, Янги қонун кўплаб штатларда норозилик келтириб чиқарди

Ҳатто ҳукумат назарида мулк даъво қилиш учун "кучли" ваколат берган эски қонун бўйича ҳам вақф идоралари кўпинча ўз манфаатларини ҳимоя қила олмади.

Вақф билан боғлиқ масалаларни кенг ёритган журналист Афрўз Алам Саҳил 2011 йилда Деҳли қабристонлари ҳақида берилган сўров орқали бу заифликларни очиб берган эди. Деҳли вақф идораси дастлаб 562 та қабристон мавжудлигини маълум қилган, кейинчалик эса бу рақамни 488 тага туширган.

Бироқ 2014 йилда вақф бошқармаси ходими Би-би-си Ҳинд хизматига шаҳарда фақат 70-80 та қабристон бошқарма назорати остида қолганини маълум қилган.

Бу ноаниқлик бошқа мулкларга ҳам тааллуқли. Жаноб Саҳилнинг айтишича, 2008 йилда Деҳли вақф кенгаши шаҳардаги 1964 та мулк рўйхатини эълон қилган, аммо федерал ҳукуматнинг шу ойдаги баёнотида бу рақам атиги 1047 та деб кўрсатилган. Рўйхатдан тушиб қолган 917 та мулкка нима бўлгани номаълум.

Би-би-си изоҳ олиш учун Марказий вақф кенгаши ва Деҳли вақф бошқармасига мурожаат қилди.

Кўпчилик манфаатдор томонлар тизимни ислоҳ қилиш кераклигига қўшилса-да, танқидчилар янги қонун лойиҳаси вазиятни яхшиламаслигидан хавотирда.

Асосий хавотир "фойдаланиш бўйича вақф" деб номланган қоида бекор қилинишидир. Бу қоида мулк мусулмонлар томонидан узоқ вақт диний ёки хайрия мақсадларида фойдаланилган бўлса, уларни вақф деб белгилашга имкон берарди.

Ҳукумат маълумотларига кўра, 402 минг вақф мулки "фойдаланиш бўйича вақф" тоифасига киритилган. Бунинг сабаби, улар ўнлаб йиллар ёки асрлар олдин оғзаки равишда, ҳужжатларсиз ва далолатномасиз вақф қилинган бўлиши мумкин.

Федерал вазир парламентда янги қонун кучга киргунга қадар ҳукумат томонидан рўйхатдан ўтказилган "фойдаланиш бўйича вақф" мулклари, агар уларнинг эгалиги низоли бўлмаса, аввалги мақомида қолишини айтди. Бироқ бундай мулкларнинг қанчаси расман рўйхатдан ўтказилгани аниқ эмас.

Танқидчилар фикрича, ушбу қоиданинг бекор қилиниши янги низоларни келтириб чиқаради ва мавжуд низоларни янада зўрайтиради. Чунки бу йиллар давомида фаол фойдаланилган мулклар учун ҳам янги даъвогарлар пайдо бўлишига олиб келиши мумкин.

Олий судга тақдим этилган аризалардан бирида таъкидланишича, вақф ерларининг аксарияти "ҳужжатсиз ташкил этилган" ва "фойдаланиш бўйича вақф" сифатида таснифланган, шу боис кўплаб мулклар вақф бўлмай қолиши мумкин.

"Фойдаланиш бўйича вақф" қоидасининг бекор қилиниши 1998 йилда Олий суднинг "бир марта вақф, доимо вақф" деган қарорини ҳам шубҳа остига қўймоқда. Яъни, мулк бир марта вақф қилинганидан сўнг унинг мақомини ўзгартириб бўлмаслиги ҳақидаги қарор.

Собиқ амалдор Саид Зафар Маҳмуднинг айтишича, янги қонундаги бу ўзгариш ўн минглаб вақф мулкларига таъсир кўрсатиши мумкин.

"Жуда оз мулклар вақф активлари бўлиб қолади, қолганлари эса йўқ бўлиб кетиши мумкин," - деди у Би-би-си Ҳиндига.