Каспийдан Карачигача: Рус транспорт йўлакларига қарамликдан қутилиш учун Ўзбекистон қандай йўлларни изламоқда?

xarita
Сурат тагсўзи, "Ўзбекистон транспорт тизимини 2035 йилгача ривожлантириш стратегияси" ҳам асосий эътиборни ғарб ва жанубга қаратиб, уларни муҳим приоритет сифатида кўради.

2023 йилда Хитой Ўзбекистон билан савдо айланмасида илк бора Россияни ортда қолдирди. Бу мамлакатнинг энг йирик ташқи савдо ҳамкори бўлиб келган Москва учун ижобий янгилик эмас эди.

Россия Украинадаги уруш билан банд бўларкан, Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон унинг таъсиридан қочишга интилётгандек. Бу, айниқса, мамлакат сўнгги вақтларда жиддий киришган транспорт лойиҳаларида намоён бўлади.

"Ўзбекистон транспорт тизимини 2035 йилгача ривожлантириш стратегияси" ҳам асосий эътиборни ғарб ва жанубга қаратиб, уларни муҳим приоритет сифатида кўради.

Алоқадор мавзулар:

Россия таъсиридан қочиш?

Шарқ ва Ғарбни боғловчи карвон йўлининг юраги ўлароқ, Амударё-Сирдарё оралиғи инкор этиб бўлмас геосиёсий аҳамиятга эга эди. У пайтлар денгиз йўллари очилмаганди. Минтақа ҳам бир бошқарув остида эди.

Асрлар оша жараён шу қадар эврилдики, бугун минтақа учун энг оғриқли масалалардан бири — айни шу савдо "карвонларига" қўшила олиш. Ҳар томондан қуруқлик билан чегараланган Ўзбекистонда денгиз йўлларига тўғридан-тўғри чиқиш имконияти йўқ. Муаммоли қўшнилар қуруқликдаги транспорт режаларининг истиқболига ҳам шубҳа солади.

vazir

Сурат манбаси, Transport vazirligi

Сурат тагсўзи, Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов эса "муқобил транспорт йўлакларини қуриш учун қўлимиздан келган ҳамма нарсани қиламиз," деган маҳаллий матбуотга берган интервьюсида.

Россиянинг Украиниага босқини мавжуд тарангликни янада кучайтирди. The Jamestown Foundation тадқиқот марказининг ёзишича, экспорт ва импортнинг тахминан 80 фоизини рус транспорт йўлаклари орқали амалга оширадиган Ўзбекистон учун бунинг таъсири, табиийки, сезиларли бўлади. Бир томондан ғарб санкциялари, бошқа томондан ташқи савдода рус йўлакларига қарамликдан қутулиш эҳтиёжи мамлакатни янги йўлларни кашф этишга ундамоқда.

Мавжуд зарурият ҳамда имкониятлар манзарасида, шарқ, ғарб ва жанубга интилиш мамлакатнинг стратегик аҳамиятини ошириши мумкин. Бироқ, бунга эришишда ҳали кўп қадамлар босиб ўтилиши керак, дейди кузатувчилар. Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов эса "муқобил транспорт йўлакларини қуриш учун қўлимиздан келган ҳамма нарсани қиламиз," деган маҳаллий матбуотга берган интервьюсида.

"Бир макон, бир йўл": Хитой имкониятми ёки хавф?

"Бир макон, бир йўл" Ўзбекистонни шарққа, Хитойга янада яқинроқ қилувчи лойиҳадир. Унинг доирасида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон магистраль темир йўлининг қурилиши мамлакат учун истиқболли эшикларни очиши кутилмоқда. Бироқ, салкам 30 йил деганда ҳақиқатга кўчган ташаббусда эҳтимолий хавф ҳам бўлиши мумкин.

2024 йилнинг 27 декабрида Жалолободда магистраль темир йўл қурилиши бошланди – рамзий маънода. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев таъбири билан айтганда, бу тадбир мамлакатлар учун "тарихий воқелик" бўлди.

Бизни ижтимоий тармоқларда ҳам кузатинг:

Илк ташаббус 1996 йилда илгари сурилганига қарамай, йиллардирки турли сиёсий, иқтисодий, техник ва геосиёсий сабаблар билан ортга суриб келинган эди. Бирламчи сабаб ўлароқ талқин этиладиган Қирғизистондаги сиёсий беқарорлик лойиҳа ишини 12 йилга кечиктиргани айтилади. 2012 йилда Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг Пекинга ташрифи билан, магистраль масаласи яна кун тартибига чиқди.

prezident

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati

Сурат тагсўзи, Шавкат Мирзиёев Жалолободда магистраль темир йўл қурилиши бошланиши Ўзбекистон ва Қирғизистон учун "тарихий воқелик" бўлганини айтган эди.

Илк ташаббус 1996 йилда илгари сурилганига қарамай, йиллардирки турли сиёсий, иқтисодий, техник ва геосиёсий сабаблар билан ортга суриб келинган эди. Бирламчи сабаб ўлароқ талқин этиладиган Қирғизистондаги сиёсий беқарорлик лойиҳа ишини 12 йилга кечиктиргани айтилади. 2012 йилда Қирғизистон собиқ президенти Алмазбек Атамбаевнинг Пекинга ташрифи билан, магистраль масаласи яна кун тартибига чиқди.

Бироқ, Россия темир йўл лойиҳасига хайрихоҳ эмасди. Негаки, шу вақтга қадар Хитойни Ғарбга боғлаб келган асосий транспорт йўлаги, Транс-Сибир темир йўли унинг ҳудудидан ўтади. Жумладан, Марказий Осиёнинг икки давлати билан Хитой алоқаларининг кенгаюви ва савдо кўламида Россиядан узоқлашуви Москва учун геосиёсий сигнал эди.

Transport vazirligi
Rossiyani loyihadan chetlashtirish mintaqani oʻz taʼsir doirasida koʻruvchi Moskva tanqidiga uchradi. Ammo Ukrainaga bosqin ortidan magistralning keyingi taqdiriga aralasha olmadi.
Sed Fazle Hayder
“The Jamestown Foundation” tadiqiqotchisi (Batafsil: bbc.com/uzbek)

"Россияни лойиҳадан четлаштириш Марказий Осиёни ўз таъсир доирасида кўрувчи Москванинг танқидига учради. Бироқ, 2022 йилда Россия Украинага бостириб кирди ва Ғарб санкциялари қуршовида қолди. Бунга қарши туришда Хитойнинг кўмагига муҳтож бўлганидан ҳам, у магистралнинг кейинги тақдирига аралаша олмади," деб ёзган "The Jamestown Foundation" тадиқиқотчиси Сед Фазле Ҳайдер " The Central Asia-Caucasus" да чоп этилган мақоласида.

Темир йўл ишга тушиши билан Ўзбекистон ва Қирғизистон Хитой экспорти учун муҳим транзит мамлакатларга айланади. Ҳар икки давлат минтақавий ва глобал савдодаги иқтисодий ролини ошириб, транзит тўловларидан сезиларли фойда олиши мумкин.

Охирги босқичда лойиҳа Европа, Туркманистон, Эрон ва Туркиядаги темир йўл тизимлари билан интеграциялашишни мақсад қилган. Бу шимол таъсиридан чиқиш ва янги йўлларни кашф этишга муттасил интилаётган Ўзбекистон манфаатларига ҳам мос ёндашувдир.

Бироқ, лойиҳа тақдири ҳақида бу қадар баландпарвоз гапириш ҳалича ярамайди. Сабаби, қурилиш илк босқичининг ўзиёқ жиддий хавотирларни уйғотмоқда. Тахминан 532 километрга чўзилувчи ушбу темир йўл лойиҳасининг қиймати 8 миллиард АҚШ доллари бўлиб, Қирғизистон участкасини қуриш учун 4,7 миллиард АҚШ доллари сарфланиши кўзда тутилган.

Гарчи харажатларнинг 51 фоизи аллақачон Хитой томонидан молиялаштирилсада, Қирғизистон Хитойдан ўз улушидаги харажатларни қоплаш учун ҳам 2,35 миллиард АҚШ доллари миқдорида кредит сўраган. Бу ёндашув Қирғизистонни Хитойнинг қарз тузоғига тушириши мумкин, дейди кузатувчилар.

Ўзбекистон зиммасидаги тўловни қандай амалга ошириши ҳали жамоатчиликка маълум эмас. Бироқ, қурилиш 2030 йилда якунланиши ва кейинги 30-40 йил ичида ўзини оқлашига умид боғланаётганлиги ҳисобга олинса, иқтисоди ҳалича барқарор бўлмаган Ўзбекистон учун лойиҳа жиддий юк бўлиши мумкин.

"Ўрта коридор": Ғарбга чиқиш ғояси қанчалик ҳақиқатга яқин?

Ўзбекистон учун муҳим транспорт йўлакларидан бири бу Транс Каспий коридоридир. Қозоғистондан Туркия ва Европагача чўзилувчи коридор йўналиши Ўзбекистонни четлаб ўтади. Бироқ, йиллардирки Ўзбекистон қўшнилари Қозоғистон ва Туркманистон орқали ушбу йўлакка чиқишга ҳаракат қилиб келади.

Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темир йўли қурилиши билан жараён тезлашиши мумкин. Мамлакатда Хитой ва Европа инфратузилмасини боғловчи марказ бўлиш имконияти туғилади.

Коридорга қўшилиш Ўзбекистон учун аҳамиятли лойиҳадир. У орқали Туркия ва Европага осонроқ чиқиш мумкин. Аммо бир вақтнинг ўзида амалга оширилаётган бошқа қатор транспорт лойиҳалари ҳисобга олинса, "Ўрта коридор"да стратегик аҳамият касб этиш мамлакат учун ўн йилликларга чўзилиши мумкин.

temiryoʻl

Сурат манбаси, Transport vazirligi

Аллақачон коридорда муҳим йўналишга эга бўлган Қозоғистон билан рақобатлашиш учун замонавий инфратузилма ҳамда йирик ҳамкорлар зарур. "International Tax and Investment Center" таҳлилчиси Весли Ҳилл Ўзбекистон айни вақтда кўпроқ эътиборни Хитой билан темир йўл қуриш лойиҳаларига қаратиши кераклигини таъкидлайди. Унинг фикрича, Хитой қўллови ҳамда инфратузилма тизими орқали Ўзбекистон Ғарбий йўналишларни ўз ҳудудига бура олади.

"Ўрта коридорга қўшилиш Ўзбекистон учун муҳим, аммо ҳозир мамлакат кўпроқ шарқ ва жануб билан стратегик лойиҳаларга эътибор қаратиши керак. Хитой билан муваффақиятли транспорт йўлаклари қуриш Ўзбекистон ва Хитойнинг Ғарбга чиқиш мақсадларини уйғунлаштиради. Йирик савдо ҳамкори билан транспорт йўналишини минтақага буриш осонроқ кечади."

Афғонистон орқали денгизга: Жанубдан умид борми?

Қуруқликда савдо алоқаларини йўлга қўйиш билан бирга Ўзбекистон учун денгизга чиқиш ҳар доимгиданда муҳимроқ. Бунинг учун жанубга юзланиш керак: Эроннинг Чабаҳар ва Бандар Аббас портлари орқали Форс кўрфазига чиқиш; Покистоннинг Карачи порти орқали Ҳинд океанига чиқиш.

Ҳар икки йўл самарали кўринади. Аммо уларнинг қанчалик истиқболли экани савол остида. Афғонистондаги сиёсий беқарорлик ҳамда Эроннинг санкциялар қуршовидалиги вазиятни чигаллаштириши мумкин.

Йиллардирки, Ўзбекистон Термиз-Мозори Шариф-Кобул-Пешовар трансафғон темирйўли лойиҳасини амалга ошириш учун ҳаракат қилиб келади. Лойиҳа орқали Марказий Осиё мамлакатлари учун Покистоннинг йирик денгиз портларига чиқиш йўли очилади.

Темир йўл ишга тушса, Покистондан Ўзбекистонга юк ташиш 35 эмас, 3-5 кун давом этади. Бундан ташқари, битта стандарт контейнерни ташиш нархи қарийб уч баробарга арзонлашиши мумкин.

Бироқ, Афғонистон ва Покистон ўртасида ҳануз мавжуд келишмовчиликлар қурилиш бошланмасданоқ унинг истиқболига соя солиши мумкин. Шунга қарамай, Ўзбекистон Транспорт вазири Маҳкамов 2025 йилда лойиҳага тамал тоши қўйилишига умид боғлаган.

uchrashuv

Сурат манбаси, Prezident matbuot xizmati

Сурат тагсўзи, Ўзбекистон президенти ва Покистон Бош вазири Трансафғон темир йўли лойиҳасини кўриб чиқиш муҳокамасида.

Таҳлилчи Весли Ҳиллга кўра, жануб билан иқтисодий алоқалар доим ҳам силлиқ кечмайди. Ҳудуддаги ҳам ички, ҳам трансчегаравий муаммолар исталган пайт беқарорлашиши мумкин. Ўзбекистон ушбу темир йўл лойиҳасидан иқтисодий эмас, сиёсий манфаат излаши кераклигини таъкидлайди у.

"Жанубга томон темир йўл қуришнинг энг катта афзаллиги унинг стратегик аҳамиятидир. Ўзбекистон ўз бозорига жануб (Ҳиндистон ва Покистон) рақобатчилигини олиб кириш орқали Хитой ёки Россия бозорларига қарамликни бартараф этиши мумкин. Бу Ўзбекистон учун муҳим стратегик манфаатдир."

Трансафғон темир йўли Ўзбекистонни нафақат Покистон ва Ҳиндистонга, балки минтақадаги яна бир муҳим томон, Эронга боғлайди. Сўнгги йиллардаги ўзаро давлат ташрифлари ва визасиз режимнинг жорий этилиши ҳисобга олинса, темир йўл қурилиши манзарасида Ўзбекистон-Эрон муносабатлари ҳақиқатан илиқлашган кўринади.

Эрон Ўзбекистон учун муҳим географик устунликлар беради. Аммо унинг Ғарб санкциялари остида эканлиги вазиятни қийинлаштириши мумкин.

"Эрон тўғридан-тўғри географик устунликни таклиф қилиши мумкин, аммо импорт ёки экспортнинг умидли натижаларидан қатъи назар, бу алоқалар Ўзбекистонни Эроннинг геосиёсий интригасига боғлайди.

Янги транзит йўналишларини очишда Ўзбекистонда аллақачон мавжуд геосиёсий танловларни ҳисобга олсак, бундай муаммоли мамлакат билан алоқа қилиш Ўзбекистонга фойда келтирмайди," дейди Весли Ҳилл.

Шарқ, Хитой билан темир йўл лойиҳаси бошланиш арафасида. Аммо жанубга ва ғарбга томон транспорт йўлакларни қуриш ҳануз тўлиқ якунланмаган режалардир. Россия Украинада уруш билан банд бўлган бир вақтда, Ўзбекистон муқобил йўлакларни излашда давом этмоқда. Таҳлилчи Весли Ҳилл ишлаб чиқилаётган транспорт лойиҳаларининг кейинги тақдирини Россия-Украина уруши натижасига боғлайди.

"Ўзбекистон рус транспорт йўлакларига муқобил йўллар излар экан, Украинадаги уруш Россияни сукут сақлашга мажбур қилмоқда. Эҳтимол, уруш тугагандан сўнг, Россия минтақада таъсир кучини тиклаши билан, биз Марказий Осиёнинг жараёндаги иқтисодий диверсификациясига рус ғазабини кўришимиз мумкин."