Янгиликлар. Дунё: Сексомния ё уйқудаги секс – нега қизлар ўзларига ишонмай қолишаяпти? Dunyo Qizlar Yangiliklar

- Author, Эмма Эйлс
- Role, BBC News
Ўзининг жинсий зўрланганини даъво қилган қизга ишонишмади. Қиз тушида зўрланганмиди ёки ўнгида? Уйқудаги секс қандай касаллик?
Алоқадор мавзулар:
Бир тергов иши тафсилоти
Жейд МакКроссен-Нетркотнинг зўрлаш иши унинг «сексомния» деб номланган кам учрайдиган уйқу касаллиги борлиги ҳақидаги даъволар туфайли Қироллик Прокуратура хизмати (ҚПХ) томонидан рад этилди. Натижада, ҚПХ тергов ишини давом эттиришни бемаъни деб топди. Аммо Жейд бу қарорга қарши чиқди ва бир неча ойни қайта текширувларга сарфлади.
Энди ҚПХ бу масалани судга бермагани хато эканлигини тан олди ва ундан сўзсиз кечирим сўради.
Лекин нима хато кетганди? Воқеалар ривожи билан Би-би-си Жейд ишини кузатиб борди.
2017 йил баҳорининг якшанба оқшомида Жейд диванда уйқудан ярим яланғоч ҳолда уйғонди ва бўйнидаги маржоннинг полда узилиб ётганини кўрди.
24 ёшли бу қиз ухлаётганида зўрлангандек ўзини ҳис қилган.
Уч йилдан сўнг - уни зўрлашда айбланган одам судга чиқишидан бир неча кун олдин - ҚПХ адвокатлари Жейдни Лондон жанубидаги полиция бўлимига фавқулодда учрашувга чақиришди.
Унинг иши тугатилди. ҚПХ адвокатининг таъкидлашича, уйқу бўйича икки мутахассис унинг иши бўйича ўз фикрларини билдирган. Улар Жейд сексомнияни бошдан кечирган бўлиши мумкинлигини айтишган.
Сексомния
Сексомния - бу тиббиёт томонидан тан олинган уйқу бузилишидир. Бундай касалликка чалинган одамлар уйқуда жинсий алоқада бўлишади.
Англия ва Уэльс қонунларига кўра, одам ухлаб ётган бўлса, жинсий алоқага рози бўлмаган, деб ҳисобланади. Шу билан бирга, агар айбланувчи жабрланувчининг ўша ондаги розилигига "чиндан ишонган" бўлса, одам зўрлашда айбдор бўлмаслиги ҳам таъкидланган.
"Бу мутлақо кутилмаган ва чалкаш эди", дейди Жейд, илгари у ҳеч қачон сексомния ҳақида эшитмаганди.
"Мен умумий 13 йиллик иккита узоқ муддатли муносабатларда бўлганман ва менда ҳеч қачон бундай нарса кузатилмаган."
ҚПХ қарори иш ёпилишини ва айбланувчининг расман оқланишини англатарди.
Жейд биринчи марта полиция бўлимига расмий гувоҳлик бериш учун борганида туши ҳақида сўрашган.
Полиция ходимининг саволига жавобан, у ҳар доим қаттиқ ухлаганини ва ўсмирлик даврида бир неча марта туш кўрганини тушунтирган.
Бу унинг иши тугатилгунга қадар чўзилган жараён давомида унутилган ўткинчи гап эди.
Ўзи нима бўлганди?

Сурат манбаси, JADE MCCROSSEN-NETHERCOTT
Жейднинг энг яқин дўсти Бел 999 рақамига қўнғироқ қилди ва бутун полиция тергови жараёнини бошлади.
У чизиқнинг нариги томонидаги Жейднинг овозини эслайди. "Бу мен ҳеч қачон эшитмаган нарсага ўхшарди. У жазавага тушиб, йиғлаб юборди ва: "Менимча, мени зўрлашди", деди. Сизнинг энг яқин дўстингиз буни сизга айтса, бу сизни ҳайратда қолдиради."
Бир кеча олдин улар жанубий Лондондаги барда бўлган эдилар. Улар учрашишди, просекко ичиб, бўянишди ва қўл ушлашиб йўлга чиқишди.
Оқшом мароқли ўтди, ичиб суҳбатлашишди. Ёпилиш вақти яқинлашганда, Бел уйга такси буюрди. Жейд охирги марта ичиш учун бир неча киши билан дўстининг квартирасига қайтишга қарор қилди.
Тахминан соат 02:00 атрофида, меҳмонхонада одамлар ҳали ҳам унинг атрофида суҳбатлашаётганда, у диван бурчагида ёпинчиқ остида ўралиб, тўлиқ кийинган ҳолатда ухлаб қолади.
Унинг айтишича, соат 05:00 да уйғонганида, кийимлари ечилган, сийнабанди ҳам олиб қўйилган эди. Унинг айтишича, у ётган диваннинг нариги томонида бир эркакни кўрган.
"Мен унга юзланиб: "Нима бўлди? Нима қилдинг?» дедим. У бироз ғалати бир нарса айтди, менимча, "Мен сизни уйғоқ деб ўйлабман", деди.
"Ва у эшикни очиқ қолдириб, тезда кетворди. Мен телефонимни олиб, Белга қўнғироқ қила бошладим... "
Тергов иши
Икки полициячи келиб, Жейдни тўғридан-тўғри суд-тиббиёт экспертизасига олиб боришди. Вагинал суртмаларда кейинчалик дивандаги эркакники билан мос келадиган сперма топилди.
Гумонланувчи полиция томонидан биринчи сўроқда вазиятга изоҳ бермади. ҚПХ уни зўрлашда айблашга қарор қилди. У айбини тан олмади. Суд куни белгиланди.
Аммо иш ҳеч илгариламади.
Жейд ҚПХ терговни тўхтатиб хато қилганини исботлашга қарор қилди, аммо унинг шикоят қилиш учун вақти оз эди.
У барча далилларни, жумладан, полиция интервьюлари, токсикология натижалари, кўрсатмалар ва уйқу бўйича мутахассисларнинг ҳисоботларини сўради ва уларни диққат билан кўриб чиқди.
У ўқиган нарсаларидан ва, айниқса, уйқу бўйича мутахассисларнинг гапларига бу қадар жиддий қаралганидан шокка тушди.
Мутахассисларнинг ҳеч бири у билан шахсан учрашмаган, аммо уларнинг фикрлари унинг ишини ёпиш учун етарли деб кўрилган эди.
Ҳимоя томонидан маълумот олган биринчи эксперт Жейднинг сексомния хуружига дучор бўлишининг "кучли эҳтимоли" борлиги ҳақидаги хулосага келган ва "у гўё кўзлари очиқ ҳолда лаззат билан жинсий алоқада бўлгандек ўзини тутган бўлиши мумкин»лигини айтган.
Бунга жавобан ҚПХ ўз мутахассисини ёллади. Унинг хулосасига кўра, "16 ёшида бир марта бўлса ҳам уйқуда юргани, уйқуда гаплашгани ёки ҳар қандай оила тарихи сексомнияга мойилликни аниқлаш учун етарли".
Жейд индамай қолди. "Бу қандай қилиб алоҳида ҳолат бўлиши мумкинлигини тушунмаяпман, мен ҳеч қачон жинсий алоқада бўлишга рози бўлмаган одам мен билан жинсий алоқада бўлган ахир", дейди у.
Эксперт хулосаси
Жейд ўзининг эксперт хулосаси учун пул тўлашга қарор қилди ва Лондон уйқу марказида доктор Иршод Иброҳимга мурожаат қилди. Шунингдек, Иршод зўрлаш ҳолатлари бўйича эксперт хулосаларини бериш тажрибасига эга.
У биринчи марта қурбон сексомниядан азият чеккан ҳолатга дуч келди. У дуч келган бошқа барча зўрлаш ҳолатларида айбланувчи сексомния xуруж қилганини даъво қилганди. Би-би-си кенг қамровли суриштирув ўтказди ва Буюк Британияда ҳимоячи аризачининг сексомнияси борлигини даъво қиладиган бошқа зўрлаш ҳолатларини топа олмади.
Доктор Иброҳим илмий тадқиқотлар чекланганлигини ва сексомнияни аниқлашнинг аниқ усули йўқлигини тушунтирди. Аммо унинг сўзларига кўра, у кўрган бундай руҳий ҳолатга учраганлар одатда эркаклар эди.
Кейин Жейд уйқу тести - полисомнографиядан ўтди. Ушбу тест ухлаётган пайтда мия тўлқинлари, нафас олиш ва ҳаракатларини кузатади.
Синов шуни кўрсатдики, у бироз хуррак отади ва енгил уйқу апноэси бор. Бу ухлаётганда нафас олиш тўхтаб, яна қайта бошланишидир. Доктор Иброҳимнинг сўзларига кўра, иккаласи ҳам сексомниянинг потенциал қўзғатувчиси бўлган, шунинг учун сексомния ҳолати бўлиши мумкинлигини инкор қила олмади.
Жейд, содир бўлган воқеага сексомния сабаб бўлгани эҳтимоли қанча эканлигини ундан сўради.
"Бу миллиард долларлик савол", деди доктор Иброҳим.
"Оқ ва қора жавобни хоҳлаш - ҳа, шундай бўлган ёки йўқ - бу ерда ўринсиз."
Жейд ҳали ҳам бу сексомния эмаслигига ишонарди, лекин уйқу мутахассислари буни истисно қила олмаганидан ҳафсаласи пир бўлди.
Адвокат хизмати
Сўнг у судлар руҳий бузилишларни ҳимоя сифатида қандай кўриши ҳақида кўпроқ билиш учун адвокатга мурожаат қилди.
Адвокат Аллисон Саммерс зўрлаш ҳолатларида бир неча айбланувчининг сексомнияси борлигини кўрсатган ҳолда ҳимоя қилганди.
У Жейдга уйқу бўйича мутахассислар деярли ҳеч қачон буни аниқ айта олмаслигини, аммо уларнинг "эҳтимоли бор" деган сўзлари ҳакамлар ҳайъати айбланувчини айбсиз деб ҳукм чиқариши учун етарли бўлиши мумкинлигини айтди.
"Бунинг натижасида баъзи айбдорлар оқланадими? Менимча, ҳа. Ҳеч қандай айби йўқ жиддий жиноятлар", дейди у.
"Мен айтишим мумкин бўлган ягона нарса шундаки, сиз жиноят процесси ушбу ҳақиқий ишларни унчалик ишончли бўлмаган ҳолатлардан ажратишига умид қиласиз холос."
ҚПХ йўриқномаларига кўра, сексомния ва уйқуда юриш каби ҳолатлар ҳар доим судда жиддий текширилиши керак.
Аммо Жейднинг иши ҳеч қачон судгача етиб бормаган. У жабрланувчининг ўз ишини ўзи кўриб чиқиш ҳуқуқи деб номланувчи апелляция аризасини топширди.
Ишни ёпиш қарори
Қироллик Бош прокурори, ишни ёпиш тўғрисида дастлабки қарорни қабул қилган ҚПХ бўлимидан мустақил равишда барча далилларни қайта кўриб чиқди.
Унинг хулосасига кўра, иш судга ўтиши керак, уйқу бўйича экспертларнинг фикрлари ва судланувчининг версияси судда текширилиши керак эди.
Унинг айтишича, ҳакамлар ҳайъати судланувчини ҳукм қилиш эҳтимоли каттароқ, дейди у.
"Нималарни бошдан кечирганингизни ва ўзингизни қандай ҳис қилаётганингизни тасаввур ҳам қила олмайман. Кўриб чиқиш чоғида мен бу иш сизга қандай даҳшатли таъсир кўрсатганини таъкидладим", деб ёзган у Жейдга.
"Қироллик прокуратураси хизмати номидан бунинг учун узр сўрайман, гарчи бу сизга унчалик тасалли бермаслигини билсам ҳам."
Жейд учун унинг иши ҚПХ ишни қайта очолмагани учун ҳакамлар ҳайъатига юборилишини тан олиш жуда аччиқ эди
Судланувчи расман айбсиз деб топилган ва шунинг учун икки томонлама жавобгарлик тўғрисидаги қонунлар уни янги кучли далилларсиз суд қилиш мумкин эмаслигини англатарди.
"Мен билан содир бўлган воқеа учун адолатга умид йўқ", дейди Жейд, лекин у ҚПХ сабоқ чиқаришига умид қилади, токи бошқаларнинг ҳам бошига бу ишлар тушмасин.
"Бу вазифаси ҳимоя қилиш бўлган тизимни барбод қилади, улар ишни пачава қилганликларини очиқ айтишди", дейди у.
Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, 2021 йил сентябригача Англия ва Уэльсда полиция томонидан қайд этилган зўрлашларнинг атиги 1,3 фоизи гумондорларнинг жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлган.
ҚПХ таъкидлашича, улар "зўрлаш каби таъсири катта жиноятлар қандай кўриб чиқилишининг ҳар бир жиҳатини яхшилашга интилмоқда ва уларни ҳал қилиш усулларини ўзгартириш учун полиция билан яқиндан ҳамкорлик қилмоқда".
Жейд зарар учун ҚПХни судга бермоқда.
BBCUZBEK.COM билан Telegram орқали +44 7858860002 номери билан боғланинг.
Telegram каналимиз: https://t.me/bbcuzbek