Путин Россиядаги охирги йиллардаги энг йирик ҳарбий сафарбарликни эълон қилди

Сурат манбаси, Kremlin.ru
Президент Владимир Путин Россиянинг 2011 йилдан буён энг йирик ҳарбий сафарбарлигини эълон қилди.
Баҳорги сафарбарликда ёши 18 дан 30 гача бўлган 160 минг эркак ҳарбий хизматга чақирилади.
Бу Россия ўз армияси сонини оширишни режалаётган вақтда кузатилмоқда.
Бундан олдин Президент Путин Россия армиясидаги ҳарбийлар сонини 2 миллион 390 мингга етказиши керак, жанговар шай ҳарбийларнинг сони 1,5 миллионга етиши керак деб айтганди.
2011 йили Россия Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматга чақириладиганларнинг сонини икки баравар қисқартиришга қарор қилган эди.
Россия расмийларига кўра, 2024 йили баҳорги сафарбарлик пайти ҳарбий хизматга 150 минг эркак чақирилган эди.
Россия раҳбариятига кўра, кейинги уч йилда ҳар сафарбарликда 180 минг киши армияга чақирилади.
Шу йил февралида Россияда ҳарбий хизматга чақирилиш қонунчилиги янада қаттиқлаштирилди.
Ўтган йил бошидан ҳарбий хизматга чақириладиганларнинг ёши ҳам оширилди: аввал ёши 27 гача бўлган эркаклар армияга чақирилган бўлсалар, ҳозир чақирув ёши 30 чиқарилди.
Ўзининг яшаш жойи манзилини расмийларга маълум қилмаган эркаклар учун жарима миқдори кўпайтирилди.
Энди ҳарбий хизматга чақирув қоғози нафақат почта орқали, балки ёши 30 гача бўлган россияликларга "Госуслуги" деб номланадиган давлат хизматлари веб-сайти орқали ҳам хабар етказиладиган бўлган.
Пойтахт Москва шаҳрида чақирув хатлари 1 апрел кунидан шаҳарнинг mos.ru сайтиб орқали жўнатилган.
Россия Украинага уруш бошлаганидан кейин ватанини ташлаб чиққанлар кўп бўлди, Россиянинг ўзида қолган ёш эркаклар урушга тушиб қолмаслик йўлларини излай бошлаганлар, армияга боришдан кўра "муқобил фуқаролик хизмати"ни танлайдиганларнинг сони ортган.
Бироқ мустақил Россия матбуотига гапирган россиялик инсон ҳуқуқлари фаоли Тимофей Васкин сўзларига кўра, уруш бошланганидан кейин ҳарбий хизматга чақирув лотереяга ўхшаб қолган:
"Расмийлар армияни тўлдиришнинг янгидан-янги шаклларини ўйлаб топаяптилар".

Сурат манбаси, .
Россия Мудофаа вазирлигига кўра, ҳозир ҳарбий хизматга чақирилаётган эркаклар Россия босиб олган Украина ерлари - Донецк, Луҳанск, Херсон ва Запорожия вилоятларига юборилмайдилар.
Аммо Россия Украинага қарши тўлақонли босқин бошлаган дастлабки ойларда Россиянинг Украинага чегарадош ҳудудларида эндигина ҳарбий хизматга чақирилган ёш йигитлар ҳалок бўлгани хабарлари тарқалган эди.
Ушбу баҳорги ҳарбий сафарбарлик апрел ва июл ойларини қамраб олади, у АҚШ Президенти Трамп Россия билан Украина ўртасида ўт очишни тўхтатишга эришишга ҳаракат қилаётган кунларда бошланмоқда.
Йилда икки - баҳорги ва кузги ҳарбий хизматга чақирувдан ташқари Россия катта сондаги контрактдаги аскарлар ва минглаб Шимолий Корея ҳарбийларини жалб қилиб Украинага қарши урушмоқда.
Москва турли йўллар билан Украина билан урушдаги талофатларини тўлдиришга ҳаракат қилмоқда.
Шу вақтгача Би-би-си Рус хизмати ва "Медиазона" веб нашри урушда ўлдирилгани тасдиқланган 100 мингдан ортиқ инсоннинг шахсини аниқлади.
Талофатларнинг ҳақиқий рақами бундан камида икки баравар ортиқ бўлиши мумкин.
2022 йил февралида Украинани босиб олиш фармонини берганидан буён Путин ҳарбийлари сонини уч марта кўпайтирди.
2023 йил декабрида Россия Мудофаа вазирлиги ҳарбийлар сони кўпайтирилишини Украина билан бўлаётган уруш ва "НАТОнинг давом этаётган кенгайиши" муносабати билан "таҳдидлар ортиб бораётгани" билан тушунтирди.
Россия Украинага босқин бошлаганидан кейин НАТО сафига Финландия ва Швеция ҳам қўшилди.
Финландиянинг Россия билан умумий чегараси 1343 кмни ташкил этади.
Шу кунларда Финландия Бош вазири Петтери Орпо мамлакати Россияга қўшни бошқа мамлакатлар қилганидек пиёдаларга қарши миналарни тақиқлайдиган Оттава Конвенциясидан чиқишини эълон қилди.
Полша ва Болтиқбўйи мамлакатлари ҳам Россиядан ўзларига нисбатан ҳарбий таҳдид ошиб бораяпти деб ҳисоблайдилар, шу сабаб икки ҳафта олдин Оттава конвенциясидан чиқишга қарор қилган эдилар.
АҚШ Президенти Доналд Трамп ҳали илк президентлиги пайти Европа мамлакатларини ҳарбий мақсадларга етарли маблағ ажратмаётганликда айблаган, АҚШни НАТОдан олиб чиқиб кетиш билан таҳдид қилган.
2025 йил январида иккинчи президентлик муддатини бошлаганидан кейин Трамп "АҚШ Украинага 350 миллиард доллар ҳарбий ёрдам берди, эвазига ҳеч нарса талаб қилмади" деган даъвони илгари суриб келаяпти, Украинадан ноёб қазилма бойликлари бўйича шартнома тузиш талабини қўйган.
Бундай шароитда Европа мамлакатлари Украинага ҳарбий ёрдамни ўз зиммаларига олиши керак деган тўхтамга келдилар, Парижда Украинага ёрдамни истовчилар саммити бўлиб ўтди.
Унда миллий бюджетларда кўзда тутилган мудофаа харажатларини ошириш, Украина хавфсизлиги кафолати зарурлиги таъкидланди.
Расмий маълумотларга кўра, Россия мудофаа бюджети 2024 йили 41 фоиз ошиб, 146 миллиард долларга етган.
Бу йил эса Россия ҳарбий мақсадларига 162 миллиард долларига тенг маблағ сарфлашни мақсад қилган, бу мамлакат ЯИМнинг 7,5 фоизини ташкил этади.